16:31 / 02.04.2021
10804
«Юксалиш» раҳбари: «Президентни ҳақоратлаганлик учун жавобгарлик аввал ҳам бор эди»

Ўзбекистонда президентни интернетда ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгилангани ҳақида хабар берилган эди. «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Бобур Бекмуродов қонунга ушбу ўзгартиришнинг киритилиши сўз эркинлигига таҳдид сифатида талқин қилиш каби манипулятив ҳаракатлар ҳам кузатилаётгани сабабли бу мавзуга тўхталди.

«Президентни ҳақорат ва унга туҳмат қилганлик учун жиноий жавобгарлик аввал ҳам бор эди. Янги қонунга замон талабига кўра, фақат ‘телекоммуникация тармоқларидан ёки интернет бутунжаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда’ деган ибора қўшимча қилинган холос», — дейди депутат.

Унинг таъкидлашича, Конституцияга кўра, нафақат Президент ёки бирор давлат хизматчиси, балки ҳар бир инсоннинг ҳаёти, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланади. Шунинг учун ҳам, мансабидан қатъи назар, ҳар бир инсонни ҳақорат қилганлик ва унга туҳмат қилган учун маъмурий жавобгарлик ўрнатилган, оғирлаштирувчи ҳолатларда ушбу ҳаракатларни содир этганлик учун эса жиноий жавобгарлик кўзда тутилган.

«Биз Президентлик республикасимиз ва президент институтининг нуфузи давлат ва халқнинг нуфузи билан бевосита боғлиқ. Конституцияга кўра президентлик — Ўзбекистон халқи номидан иш олиб борадиган институт ҳисобланишини, Президентнинг шахси дахлсиз эканлигини ҳам унутмаслик лозим. Яъни Президент конституциявий мақомга эга», — деган Бобур Бекмуродов.

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси, шунингдек, халқаро амалиётда ривожланган демократияларда ҳам бу борада қатъий жавобгарлик мавжудлигини билдириб ўтган.

Унинг айтишича, Польшада президентни омма олдида ҳақорат қилиш 4 йилгача қамоқ жазоси, Германияда президентни омма олдида ҳақорат қилганлик учун 3 ойдан 5 йилгача қамоқ жазоси ва жарималар, Канадада давлат раҳбарига туҳмат қилиш ёки шундай мазмундаги постлар учун 14 йилгача қамоқ жазосиНидерландияда монарх, унинг рафиқаси ва ворисини ҳақорат қилиш 5 йилгача қамоқ жазосиТуркияда президентни ҳақорат қилганлик учун 1 йилдан 4 йилгача қамоқ жазоси белгиланади ва жаҳон мамлакатлари тажрибасида бу нормал амалиёт ҳисобланади.

Фото: Telegram / Бобур Бекмуродов
Top