14 апрель куни Жиноят ишлари бўйича Тошлоқ туман судида Д.У. ва Н.М.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 41-моддаси (ҳақорат қилиш) ва 52-моддасининг 2-қисми (қасддан баданга енгил тан жароҳати етказиш) билан юритилган маъмурий иш ҳужжатлари кўриб чиқилди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
Судда тарафларнинг кўрсатмалари тингланди. Маълум бўлишича, фуқаро Д.У. 2020 йил 22 июнь куни соат 20:00ларда Тошлоқ тумани «Қанжирға» маҳалла фуқаролар йиғинида Д.М.нинг қонуний турмуш ўртоғи Н.М. билан ўзаро гап талашиб қолади. Бунинг сабаблари бор эди. Улар бир-бирларини уятли сўзлар билан сўкиб ҳақорат қилади, жанжаллашиб бир-бирининг танасига тан жароҳати етказади.
Икки аёл ўзаро ёқалашиб турганида Д.М.нинг акаси Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси А.М. Д.У. ни ажратиб олиш пайтида унга енгил тан жароҳати етказади.
Тайинланган судга оид тиббий экспертизанинг хулосасида Н.М. ўнг елкасининг олдинги юзаси юқори қисмидаги қонталаш, чап тирсак бўғими устки юзасидаги, чап ва ўнг тизза бўғимлари устки юзаларидаги шилинмалар аниқланиб, бу тан жароҳатлари 6 кундан кўп давом этмайдиган енгил шикастлар тоифасига кириши кўрсатилган. Д.У. да ҳам енгил шикастлар бўлган ҳамда экспертиза хулосасида кўрсатиб ўтилган.
Миллий Гвардия «Динамо» жисмоний тарбия-спорт жамиятининг 2020 йил 5 октябрдаги буйруғи билан ҳарбий хизматчи А.М. Д.У. ни ҳақорат қилиб, унга қасддан енгил тан жароҳати етказгани сабабли унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 16-моддаси тартибида «ҳайфсан» интизомий жазо чораси қўлланилган.
Суд Д.У. нинг суддаги, Н.М. Д.М. ва А.М.нинг суриштирувдаги кўрсатмаларини эшитиб, якуний хулосага келган. Қарор билан Д.У. ва Н.М.га нисбатан юқоридаги моддалар билан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан жарима жазолари тайинланган.
Ҳуқуқбузарларга Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддалари тартибида апелляция тартибида шикоят қилиш ҳуқуқлари борлиги тушунтирилган.











