09:16 / 22.04.2021
8064
Покистонда Хитой элчисига қарши теракт амалга оширилди – ОАВ 
Фото: Reuters

Покистоннинг Кветта шаҳрида (Балужистон вилояти) жойлашган «Серена» меҳмонхонаси автотураргоҳида бомба портлаши оқибатида 4 киши ҳалок бўлди, 11 киши яраланди. Тахминларга кўра, теракт Хитой элчисига қарши қаратилган бўлган. 

Маълум қилинишича, портлаш воқеа жойидан бир неча километр олисда ҳам эшитилган.  

Тахминларга кўра, теракт ташкилотчилари Кветтага сафари вақтида меҳмонхонада тўхтаган Хитой элчиси Нонг Ронгни ўлдирмоқчи бўлишган. Дастлаб Хитой элчиси теракт қурбонига айлангани маълум қилинган. Бироқ кейинроқ Покистон ички ишлар вазири шайх Рашид Аҳмад меҳмонхонада портловчи модда билан тўлдирилган автомобил портлагани, воқеа вақтида Хитой элчиси меҳмонхонада бўлмагани, у бошқа ердаги тадбирда иштирок этганини маълум қилган.  

Таъкидланишича, портлаш элчининг меҳмонхонага келишидан бир неча дақиқа олдин содир этилган.   

Балужистон вилояти ички ишлар вазири Зиёуллоҳ Лангонинг таъкидлашича, Хитой элчиси «яхши кайфиятда қолмоқда» ва унинг Кветтага ташрифи 22 апрелда ўз ниҳоясига етади. 

Ушбу ҳужум учун жавобгарликни «Толибон»нинг Покистондаги бўлими ўз зиммасига олди. Жангарилар Балужистоннинг Покистондан мустақиллиги учун ва Хитойнинг ушбу ҳудуддаги йирик инвестицион лойиҳаларига қарши кураш олиб боради.    

«Серена» меҳмонхонаси Кветтадаги энг машҳур меҳмонхона ҳисобланади. Бу ерда ҳукумат амалдорлари ва юқори мартабали меҳмонлар тўхтайди. У Эрон консулхонаси ва вилоят парламенти биноси яқинида жойлашган.  

Кветта шаҳри фойдали қазилмаларга бой Балужистон вилоятининг пойтахти ҳисобланади. Вилоят Эрон ва Афғонистон билан чегарадош бўлиб, узоқ вақт давомида маҳаллий миллатчиларнинг исёнчилик ҳаракати учун кураш майдони бўлиб келган. 

Top