09:21 / 05.05.2021
8736
Наманганда 259 млн сўмлик давлат буюртмаси бўйича тендер бир шахсга қарашли корхоналар ўртасида ўйналди

Учқўрғонда нураб бораётган Норин дарёси дамбасини мустаҳкамлаш учун 259 млн сўм ажратилмоқда. Тендерда қатнашган учала компаниянинг ҳам эгаси бир.

Учқўрғон туманида 259 млн сўмлик давлат харидларига қўйилган қурилиш ишларини бажариш учун бир шахс таъсисчиси бўлган учта фирма тендер танловида иштирок этмоқда.

Туман ҳокимлиги ҳозирда нураб бораётган Норин дарёси дамбасини тиклаш ва келгусида нурашининг олдини олиш мақсадида дарё чап қирғоғининг 252 метр қисмини шағал билан мустаҳкамлашга қарор қилган. Бу ишларни бажариш учун танлов эълон қилиниб, давлат харидлари порталига эълон жойлаштирилган. Танлов нархи – 259 млн сўм.

Танловда қатнашиш учун «Mirzohidmirzo Mirzabahrom Mirzamurod», «Mirzoxidmirzo Urkinmirzo Mirzabaxrom» ва «Sherzod Begzod Nilufar» МЧЖ ўз таклифларини билдиради ҳамда танлов комиссияси қарори билан «Mirzohidmirzo Mirzabahrom Mirzamurod» МЧЖ ғолиб деб топилган.

Davletovuz каналининг ёзишича, танловда қатнашган барча корхоналар ўзаро аффилланган, масалан, Мирзараҳим Жўрамирзаевич Каримов мазкур МЧЖлар улушининг тўлиқ ва камида ярмига эгалик қилади.

Аввалроқ, Наманган вилояти тендер комиссияси баённомасида фамилияси бир хил амалдорлар аниқлангани тўғрисида хабар тарқалганди. Бири Наманган вилояти ҳокимининг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш масалалари бўйича ёрдамчиси лавозимида ишлаб келган Бекзод Матмусаев, иккинчиси эса Наманган вилояти ҳокимлигининг Ягона буюртмачи инжиниринг компанияси директори Дилшод Матмусаевдир.

Хабарда айтилишича, ўрганишлар улар яқин қариндош, яъни ака-укалигини кўрсатган.

«Айтишларича, улар амалдаги вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқовга ҳам қариндош бўлиши мумкин. Бекзод Матмусаев Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Акмал Ортиқовнинг 2021 йил 19 январдаги буйруғи билан агентликнинг вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди.

Ака-укаларнинг профессионал фаолияти, тажрибасини савол остига олиш ниятимиз йўқ. Аммо вилоятдаги энг муҳим иккита лавозим – бири миллиардлаб давлат буюртмаларини берадиган ҳамда бири миллиардлаб турадиган давлат активларини хусусийлаштиришга масъул бўлиши ҳар қандай шароитда ҳам жамоатчиликни ҳушёрликка чорлаши керак», деб ёзилган Davletovuz каналида.

Top