08:37 / 12.05.2021
10542
Қўқонлик ўқитувчи ўзидан кичик йигит билан ишқий муносабатда бўлиб уни ўлдириб қўйди

Қўқон шаҳридаги 19-умумтаълим мактабининг бошланғич таълим ўқитувчиси Л.Г. ўзидан кичик йигит билан ишқий муносабатда бўлиб, унинг қотилига айланди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Суд ишида таъкидланишича, аёл 2 нафар фарзанднинг онаси бўлиб, турмушидан ажрашган. 

Л.Г. 2019 йил феврал ойларида Odnoklassniki.ru сайти орқали Фурқат туманидан бўлган А. исмли йигит билан танишиб қолган. Йигит мавсумий ишлар билан шуғулланиб келган. Оилавий шароити оғир бўлгани учун ҳали уйланмаган. Ўқитувчи аёл Л.Г. ўзидан кичик А. билан рашк туфайли жанжаллашиб қолган.

Билдирилишича, 2020 йил 3 ноябрь куни А. аёлга бир неча бор телефон қилиб, қаерда эканини сўраб-суриштирган. Л.Г. унга қўнғироқ қилмаслигини айтиб, телефонни ўчириб қўйган. Шу куни соат 22:00 ларда йигит маст ҳолатда унинг уйига келган.

Аёл муносабатларни тўхтатиш мақсадида гаплашиб олмоқчи бўлганида йигит уни урган. Л.Г. уни қўрқитиб қўйиш мақсадида қўлига пичоқ олиб, ўқталган. Қасддан урилган тиғ йигитнинг чап оёғини жароҳатлаган. Йигит ярим тунда совуқда жароҳатланган ҳолда кўп қон йўқотиши натижасида вафот этган.

Суд тиббиёт экспертизанинг хулосасига кўра, марҳум А.Н.нинг чап сонида артерия ҳамда мушаклари шикастланган. Санчилган-кесилган яраси бўлиб, ушбу жароҳатлар оғир тан жароҳатлар тоифасига кириши айтилган.

Ҳолат юзасидан шаҳар суди томонидан Л.Г.га 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Суд жараёни давомида у қилмишидан пушаймонлигини билдирган.

Аввалроқ, Тошлоқда ўтиши режалаштирилган суд ишида жиноятчиликда айбланганлар суддан қочиб кетгани ва улар шу куннинг ўзида қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.

Top