09:29 / 07.07.2021
1844
Самарқандда уйида 11 килограмм марихуана сақлаб келаётган шахс ушланди

Самарқанд вилояти Ургут туманида профилактика инспектори уйида 11 килограмм марихуана гиёҳвандлик моддаларини сақлаб келаётган шахсни ушлаган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Ургут тумани бўйича ИИО ФМБ профилактика инспекторлари томонидан фуқароларнинг хонадонларида профилактик тадбирлар ўтказиш давомида, Ургут тумани Почвон маҳалласида яшовчи, 1970 йилда туғилган С.А. ўзини шубҳали тутган. Унинг ёни текширилганида, чўнтагида 4 дона гугурт қутида марихуана гиёҳвандлик моддаси борлиги, суриштирув давомида у ушбу гиёҳванд моддаларини таниши Б.А.дан олгани аниқланган.

Шундан сўнг, Б.А.нинг ҳовлиси холислар иштирокида кўздан кечирилганида, томорқасида 76 туп каннабис гиёҳвандлик ўсимлигини экиб, парваришлаб келаётгани маълум бўлган. Бундан ташқари, ушбу шахснинг яшаш хонадони кўздан кечирилганида 11 килограммдан ортиқ гиёҳвандлик моддаларини сақлаб келаётгани аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштирилган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Ургут тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 25-моддаси ҳамда 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Top