07:57 / 13.09.2021
1809
Қорақалпоғистонда браконьерлар инспекторлардан қочиб 6 та кийикни йўлга ташлаб кетди

10 сентябрь куни Судочье-Акпеткей буюртма қўриқхонаси давлат инспекторлари Тахтакўпир тумани ҳудудида назорат тадбирларини ўтказган.

Унда Тахтакўпир тумани «Дауқара» ОФЙ ҳудудида УАЗ русумли автомобил давлат инспекторларининг тўхташ ишорасига бўйсунмасдан қочиб кетган. Давлат инспекторлари томонидан ушбу УАЗ русумли автомашина 35 км узоқликкача кузатиб келинган.

Ушбу автомашинадаги шахслар қочиш вақтида йўл бўйига кийикларни ташлаб, номаълум томонга яширинган.

Воқеа жойига Орол табиатни муҳофаза қилиш прокуратураси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш назорат инспекциясидан иборат тезкор гуруҳ етиб борган. УАЗ русумли машина тезкор топилган.

Суратлардан маълум бўлишича, браконьерлар инспекторлардан қочиб 6 та кийикни йўлга ташлаб кетган.

Ҳозирги вақтда Орол табиатни муҳофаза қилиш прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Тўрткўл ва элликқалъалик овчилар Тахтакўпирда 2 та жайронни ўлдиришганди.

Top