11:30 / 29.09.2021
12283
Шавкат Мирзиёев Туркистонда хориждан биринчи автомашина харид қилган Миркомил Мирмўминбоевни ёдга олди

Президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг Андижон вилояти сайловчилари билан учрашуви бошланди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

“Андижон тўғрисида кўп гапириш мумкин, лекин энг лўнда гап шуки, Ўзбекистоннинг 1 фоиз ерида 10 фоиз аҳолиси яшайди. Мана шу жиддий муаммони ҳал қилиш, вилоят халқига муносиб шароит яратиш учун сизлар билан маслаҳатлашиб, 4 минг гектар майдонда, 130 мингдан зиёд оила ёки 450 минг аҳоли учун мўлжалланган “Янги Андижон” шаҳрини бунёд этаётганимиздан барчангиз хабардорсиз.

Андижонда яшашнинг ўзи одамдан доимий ҳаракатни, янгиликка интилишни, тадбиркорликни талаб қилади. Халқимизнинг “Излаган имкон топади” деган доно ҳикмати ҳам назаримда худди сизлар ҳақингизда айтилгандай. 

Мен Андижон элидаги азм-у шижоат, омилкорлик ва миришкорликни, тараққиётга, янгиликка интилишни кўрганимда, беихтиёр, ўтган аср бошида Андижонда яшаб ўтган Миркомил Мирмўминбоевнинг номи эсимга тушади. Ўз замонасининг машҳур тадбиркори бўлган бу инсон улкан сармоя эгаси бўлгани, пахтачилик, деҳқончилик, савдо-сотиқ соҳаларида катта ютуқларга эришгани, йирик завод ва фабрикалар, банклар, Россия ва Европа мамлакатларида магазинлар очганини андижонлик ёши улуғ оқсоқоллар яхши билишади.

Миркомилбой хайр-саховат борасида ҳам бошқаларга ўрнак бўлган. Ўз ҳисобидан мактаб ва мадрасалар, масжид, шифохона, ҳаммомлар қуриш, боғ ва хиёбонлар ташкил этишга хайриялар ажратган. Муҳтожларга ёрдам қўлини чўзган. Туркистонда хориждан автомашина харид қилган биринчи маҳаллий халқ вакили ҳам шу киши бўлган. Бу инсон ҳатто Андижон шаҳрини қайта қуриш, бу ерда трамвай ҳаракатини йўлга қўйишга ҳаракат қилгани тарихий манбалардан яхши маълум.

Афсуски, мана шундай тадбиркор ва саховатли инсон мудҳиш даврнинг қурбони бўлган. Унинг бор мулки, давлати ва сармояси большевиклар томонидан тортиб олинган. Ниҳоятда уддабурон, кенг фикрлайдиган, ишнинг кўзини биладиган бу инсоннинг қайғули қисмати истиқлолимизни қадрлашга, бугунги кунда мамлакатимизда тадбиркорларга яратиб берилаётган имкониятлардан янада самарали фойдаланишга даъват этади”, деди Шавкат Мирзиёев.

Top