15:08 / 29.10.2021
28368
Иккиламчи бозорда Маlibu 18 фоизга, Cobalt 12 фоизга қимматлашган

Импорт қилинадиган автомобиллар нархлари ҳам сезиларли даражада ошган. Хусусан, Lada Vesta 27 фоизга ва Lada Niva 44 фоизга қимматлашган.

Фото: Kun.uz

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази иккиламчи автомобил бозоридаги нарх ўзгаришларини таҳлил қилди. Бунда 2020 йил ва 2021 йил июль-октябрь ойларидаги нархлар солиштирилган.

2021 йилда нархлар сезиларли даражада ошган. Хусусан, иккиламчи бозорда 2020 йилда ушбу йил ишлаб чиқарилган иккинчи позиция Chevrolet Cobalt учун 10 минг доллар таклиф қилинган бўлса, 2021 йилда шу йил ишлаб чиқарилган автомобил таклифи нархи 11,2 минг долларга кўтарилган.

Қайд этилишича, Cobalt ʼнинг барча позициялари ўртача нархи 12 фоизга, Spark 5 фоизга, Lacetti 7 фоизга, Malibu 18 фоизга, Tracker 14 фоизга қимматлашган. Шу билан бирга, Damas ва Labo нархлари деярли ўзгаришсиз қолган. Нархларнинг сезиларли ўсиши асосан автомобилнинг ўрта позицияларида (иккинчи ва учинчи позициялар) кузатилган.

«Иккиламчи автомобил бозорида нархларнинг кескин ўсиши янги маҳаллий автомобилларни ишлаб чиқаришнинг секинлашиши билан боғлиқ бўлиши мумкин, бу эса талабнинг доимий ўсиши билан иккиламчи бозорнинг фаоллашишига олиб келган», дейилади таҳлилий мақoлада.

Шунингдек, импорт қилинадиган автомобиллар нархлари ҳам сезиларли даражада ошган: Lada Vesta 27 фоизга ва Lada Niva 44 фоизга қимматлашган. Бу Россияда ишлаб чиқарилган янги автомобиллар нархининг ошиши билан боғлиқлиги айтилган.

Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, эконометрик моделлаштириш усулига асосланган иккиламчи автомобил бозорини ўтган йилги ўрганиш натижаларига кўра, автомобилнинг бир йил давомида эскириши унинг нархини ўртача 300-400 долларга камайишига олиб келган.

Маълумот учун, 2021 йилнинг июль-октябрь ойларида UzAvto томонидан ишлаб чиқарилган автомобиллар иккиламчи автомобиль бозорида 67,7 фоиз улушни эгаллаган. Иккинчи ўринда ВАЗ маркаси (Lada) бўлиб, унинг улуши 15,3 фоизни ташкил этган.

Top