16:36 / 04.11.2021
6710
Экоқўмита Паркентдаги шерлар билан боғлиқ ҳолат бўйича расмий маълумот берди

Экология қўмитаси Тошкент вилояти Паркент туманидаги хонадонларнинг бирида Африка шер боласининг сақланаётгани, аҳволи қониқарли эмаслиги билан боғлиқ хабарни ўрганиб чиқди.

Фото: ekologuz

Қўмита маълумотига кўра, 2019 йил 10 октябрь куни фуқаро Х.А.га ёввойи ҳайвонлар сақланадиган ва кўпайтириладиган питомник, шунингдек, зоология коллекцияларини ҳисобга қўйиш тўғрисида гувоҳнома расмийлаштирилган. Ёввойи ҳайвонларни сақлаш ва кўпайтириш бўйича “Wildlife” МЧЖ питомниги Тошкент вилоятининг “Боғишамол” дала ҳовли ҳудудида жойлашган.  

Питомник раҳбари Африка шерлари (1 дона эркак ва 1 дона урғочи) 2020 йилнинг 3 октябрь куни Андижон вилоятининг Марҳамат туманидаги “Shou panda arena” ҳаваскорлик цирк гуруҳи раҳбари билан шартнома тузилиб, сотиб олинган. 
        
“Питомникда сақланаётган ёввойи ҳайвонлар бўйича Давлат экология қўмитасига 2021 йилнинг январь ойида тақдим этилган ҳисоботга мувофиқ, шерлар 2017 йилда туғилган, озуқа рационига гўшт, тухум ва турли витаминлар белгиланган. Улар ўз вақтида берилади. Эркак жинсли шернинг вазни 230 кг, урғочи шернинг вазни 170 кг, ёввойи ҳайвонларга эмлаш ишлари муддатида олиб борилган ҳамда уларнинг умумий аҳволи яхши.
         
Шунингдек, “Wildlife” МЧЖ раҳбари билан мулоқот давомида жорий йилнинг 8 сентябрь куни зоопитомникда 1 бош шер боласи ўнг кўз катарактаси билан туғилганлиги ҳамда махсус муолажаларнинг ўз вақтида олиб борилиши маълум бўлди”, дейилади маълумотда.

Қўмитанинг билдиришича, шерларнинг очиқ ҳавода айланиши учун қўшимча 24 метр-квадрат майдонга эга мустаҳкам панжарали усти берк вальер ташкил этилган.

Аввалроқ, Тошкент вилоятидаги хонадонлардан бирида шерлар боқилаётгани маълум бўлганди.

Top