18:50 / 16.11.2021
6539
Россия иқтисодиётидаги муаммолар мигрантлар етишмовчилиги билан боғлиқлиги айтилди

Йирик компаниялар ишчилар етишмаслиги муаммосига дуч келган.

Фото: AP

Россияда иш кучи етишмаслиги мамлакат иқтисодиёти тикланишини секинлаштирмоқда, деб ёзади Bloomberg агентлиги.

2020 йилда чегаралар ёпилганидан сўнг миллионлаб ишчи-мигрантлар Россияни тарк этди ва эндиликда улар янги локдаунлардан хавфсираб ортга қайтишни истамаяпти.

Шу билан бирга, Россия халқ хўжалиги ва давлат хизмати академиясининг маълумотларига кўра, хорижлик ишчилар сони пандемия бошлангунига қадар 4,5 миллиондан 3 миллион нафарга камайган.

Йирик компаниялар ишчилар етишмаслиги муаммосига дуч келган. «Айрим регионларда бир йилдан бери етарлича ишчи ёллай олмаяпмиз», — деди «Русагро» бош директори Максим Басов. Россиянинг энг йирик қишлоқ хўжалик компанияларидан бири ойлик маошларни ўн фоизга оширишига ва терим машиналари сотиб олишига тўғри келди. 

Samolet Group компанияси ҳам ишчилар етишмаслиги муаммосини ҳал қилиш учун маошларни оширди. Компаниянинг билдиришича, йил бошида иш ўринларининг деярли ярми бўш қолган. 

SuperJob маълумотларига кўра, 2021 йилда курьерлар учун вакансиялар сони қарийб 900 фоизга ошган.

Октябрда марказий банк раҳбари Эльвира Набиуллина ҳам иш кучи етишмовчилиги ҳақида гапирганди. Унинг сўзларига кўра, янги иш ўринларини тўлдириш учун Россияга меҳнат мигрантлари оқими зарур.

Top