11:46 / 19.11.2021
2135
Хусусий секторда ишлаётган аёлларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилаётгани Сенатда муҳокама қилинди

Сенатор Малика Қодирхонованинг таъкидлашича, учта ҳудуддаги енгил саноат ва чарм саноати корхоналарида хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқларини бузиш билан боғлиқ қатор камчиликларга йўл қўйилгани аниқланган.

Фото: Senat.uz

Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси томонидан Касаба уюшмалари федерацияси, Федерация ҳузуридаги Меҳнат инспекцияси билан биргаликда Қорақалпоғистон Республикаси, Наманган ва Фарғона вилоятларида айнан енгил ва чарм саноати корхоналарида фаолият юритаётган хотин-қизларнинг қонун ҳужжатларида кўзда тутилган ҳуқуқларига амал қилиш ҳолати, яратилган шароитлар ўрганилганда, кўплаб корхоналарда Меҳнат кодекси талабларини бажармаслик ҳолатлари мавжудлиги аниқланган. Бу ҳақда сенатор Малика Қодирхонова Сенатнинг 21-ялпи мажлисида маълум қилди.

Сенатор қонунчиликда ҳақ тўланадиган ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари кунини узайтириб бериш кўзда тутилган бўлса ҳам, иш берувчилар томонидан ушбу қоида қўлланмаётгани, уч ёшгача фарзанди бўлган аёллар ишга қабул қилинишида синов муддати қўлланаётгани, ўн икки ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ боласи ёки ўн олти ёшга тўлмаган ногирон боласи бор аёлларга ҳар йили уч иш кунидан кам бўлмаган муддат билан ҳақ тўланадиган қўшимча таътил берилмаётганини айтмоқда.

Шунингдек, Қодирхонова ўз чиқишида ходимларга иш даврида, уларнинг хоҳишига кўра, йиллик таътилнинг энг оз муддатидан ортиқча қисми учун пуллик компенсация тўланмаслиги, ички меҳнат тартиб-интизоми қоидаларини ишлаб чиқмаслик ҳолатларига йўл қўйилгани, ўрганилган ҳудудлардаги корхоналарда иш берувчи фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилдирмаган ҳолатлар аниқланганини тилга олган.

Ўрганиш давомида яна қуйидаги камчиликлар кузатилган:

  • корхона ишчи-ходимлари дастлабки тиббий кўрикдан ўтказилган бўлса-да, даврий тиббий кўриклардан ўтказиш ташкил этилмаган;
  • корхоналардаги мавжуд иш ўринлари меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказилмаган;
  • “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ корхоналарда меҳнатни муҳофаза қилиш жамғармалари ташкил этилмаган, мазкур мақсадлар учун иш берувчи томонидан маблағлар ажратилмаган;
  • ўрганилган корхоналарда 2020-2021 йиллар давомида ишга қабул қилинган хотин-қизларнинг 40-50 фоизигачаси ишдан бўшаш ҳолатлари кузатилмоқда. Бунга эса ойлик маошининг нисбатан камлиги ва ижтимоий йўналиш бўйича аёлларни қўллаб-қувватлашнинг сустлиги сабаб бўлмоқда;
  • меҳнат муҳофазаси устидан уч поғонали маъмурий жамоатчилик назоратини ўрнатмаслик ҳолатлари мавжуд. Натижада енгил саноат ва чарм саноати корхоналарида хотин-қизлар учун зарур меҳнат шароитларини яратиш, улар меҳнатини муҳофаза қилиш масалалари асосан иш берувчининг ихтиёрига топшириб қўйилган;
  • Оғир, ноқулай, зарарли ёки хавфли ишларда банд бўлган хотин-қизларга қонунчиликда назарда тутилган имтиёзлар ва компенсациялар белгиланмасдан, иш жойларида меҳнат шароитларини назорат қилиш талаб даражасида ташкил этилмасдан қолмоқда;
  • Касб касалликлари юзага келишининг олдини олиш ва касб касаллиги ташхисини аниқлаш, ходимлар меҳнатининг хавфсиз шарт-шароитларини таъминлаш билан боғлиқ келишмовчиликларни кўриб чиқиш талаб даражасида ташкил этилмаган.

Сенат ялпи мажлисида юқоридагиларни инобатга олиб, хотин-қизлар учун зарур меҳнат шароитларини яратиш, улар меҳнатини муҳофаза қилишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масалалари бўйича ҳукуматга парламент сўровини юборишга қарор қилинди.

Top