16:23 / 25.11.2021
739
Жиззахда ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб бериш эвазига пора талаб қилган автомактаб ходими қўлга олинди
Фото: Видеодан кадр

Жиззах вилоятида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб бериш эвазига пора талаб қилган автомактаб ходими қўлга олинди. Бу ҳақда Жиззах вилояти ИИБ хабар қилди.

Жиззах вилояти ИИБга Ғаллаорол тумани «Дўстлик» МФЙда яшовчи фуқаро мурожаат қилиб, ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун ундан 400 минг сўм талаб қилинаётганини билдирган.

Маълум бўлишича, фуқаро Жиззах шаҳридаги автомактабда ўқиган. Бироқ у жорий йилнинг август ойида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун ўтказилган имтиҳондан қониқарли баҳо ололмаган. Aвтомактаб ходими йигитни чақириб, 400 минг сўм эвазига танишлари орқали уни имтиҳондан ўтказиб, ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб беришни ваъда қилган.

Ўтказилган тезкор тадбир давомида автомактаб ходими 300 минг сўмни пора тариқасида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. Суҳбат жараёнида айбланувчи Жиззах вилояти ИИБ ЙҲХБда танишлари йўқлиги ва пулни ўз эҳтиёжига ишлатиш учун фирибгарлик йўли билан олганлигини маълум қилган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Маълумот учун, 2021 йилнинг ўтган даври мобайнида Жиззах вилояти ҳудудида 381 та йўл транспорт ҳодисаси содир этилган. Оқибатда 130 киши ҳаётдан кўз юмган. 323 киши турли даражада тан жароҳати олган.

Top