14:04 / 05.05.2022
21080
“Юксалиш” ҳаракати 9 май санасини ортиқча сиёсийлаштирмасликка чақирди

Ўзбекистон “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати 9 май – Хотира ва қадрлаш кунини ортиқча сиёсийлаштирмаслик ва миллий қадриятларга таянган ҳолда нишонлаш чақириғи билан чиқди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Баёнотда бу кун – II жаҳон урушида қурбон бўлган ярим миллионга яқин ўзбекистонликлар ва умуман Ватан равнақи йўлида ҳалок бўлган барча ватандошларни хотирлаш, ўзбек халқининг урушдаги ва фронт ортидаги жасоратини англаш, фожиалардан хулоса чиқариш куни экани қайд этилган.

“Ўзбекистонда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни сифатида нишонланади. Ҳар йили май ойи бошларида турли расмий ва норасмий доираларда ушбу кунни сиёсийлаштиришга бўлган ҳаракатлар кузатилади.

Бизнингча, Ўзбекистон учун 9 май қандай чуқур қадриятларни акс эттиришини халқаро ҳамжамият тушуниши муҳим, деб ҳисоблаймиз.

Биринчидан, ушбу кунда инсоният тарихидаги энг даҳшатли ва қонли Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган ярим миллиондан зиёд ўзбекистонликларнинг руҳи хотирланади.

Иккинчидан, 9 май – урушда қатнашган 1,5 миллиондан ортиқ ватандошимизнинг жасоратини, фронт ҳудудларидан Ўзбекистонга кўчирилган бир миллионга яқин оила ва болаларни қабул қилган халқимизнинг бағрикенглигини англаш ва қадрлаш куни.

Учинчидан, бу кунда Жаҳон урушидан олдин ва кейинги тарихимизда Ватанимиз тинчлиги ва равнақи учун жонини фидо қилган барча аждодларимиз хотирланади. Ҳаёт бўлганларига эса ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилади, қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилади.

Бир сўз билан айтганда, 9 май – фашизм устидан қозонилган ғалаба кунигина эмас, балки халқимиз уруш ва тинчликда кўрган катта фожиалардан хулоса чиқариш, бугунги тинчликнинг қадрига етиш куни сифатида жамиятимиз онг-у шууридан жой олган қадриятдир.

Шунинг учун, 9 май санасини ортиқча сиёсийлаштирмаслик, андозалаштиришга берилмаслик, вазмин ва жамиятимиз қадриятларига таянган ҳолда нишонлаш – энг тўғри ва маъқул йўлдир”, – дейилади “Юксалиш” ҳаракати баёнотида.

Top