Маълум қилинишича, Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда унинг ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган маданий мерос ёдгорликларини муҳофаза қилиш мақсадида ишонч телефони ишга туширилди.
“Энди мамлакатимиз фуқаролари ва юртимиз меҳмонлари бирор бир обидага нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракатлар ёки уларга бўлаётган хавфни сезган ҳолатда +(71) 200 01 18 телефон рақамига мурожаат қилишлари мумкин бўлади.
Маданий меросни асраш жамиятда яшовчи ҳар бир фуқаронинг бурчи эканлигини ёдга солган ҳолда, юртдошларимизни меросимизга зиён етказилиши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олиш ёки уларни бартараф этишда бизга кўмакдош бўлишга чорлаб қоламиз”,- дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг 36-моддасида маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилишида айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлишлари белгиланган. Эндиликда бундай ҳолатлар ҳақида +(71) 200 01 18 ишонч телефони орқали хабар бериш мумкин.



