16:32 / 25.07.2022
8724
Олий диний таълим муассасаларига кириш имтиҳонларининг санаси маълум қилинди

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси тасарруфидаги 3 та олий диний таълим муассасасида 2022–2023 ўқув йили бўйича қабул имтиҳонлари ижодий имтиҳон ва тест синови шаклида ўтказилади.

Фото: Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Диний идора Таълим ва илмий-тадқиқотлар бўлими ўз тасарруфидаги олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини ўтказиш санаси бўйича маълумот берди. Унга кўра:

  • 2022 йил 3-4 август кунлари Ҳадис илми мактабига кириш имтиҳонлари бўлиб ўтади. Хусусан, 3 август куни муассаса спорт залида ижодий имтиҳон, 4 август куни муассаса ҳовлисида тест синовлари бўлиб ўтади. 5 август куни мандат ҳайъати натижаларни эълон қилади.
  • 2022 йил 8-9 август кунлари Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтига кириш имтиҳонлари бўлиб ўтади. Хусусан, 8 август – Араб тилидан ижодий имтиҳон, 9 август куни Фиқҳ ва ақоид ҳамда Ўзбекистон тарихи фанларидан тест синовлари бўлиб ўтади. 10 август куни натижалар эълон қилинади.
  • 2022 йил 11-12 август кунлари Мир Араб олий мадрасасига кириш имтиҳонлари бўлиб ўтади. Хусусан, мадраса биноси ҳовлисида 11 август ижодий имтиҳонлар, 12 август куни эса фиқҳ ва ақоид ҳамда Ўзбекистон тарихи фанларидан тест синовлари бўлади. 13 август куни натижалар эълон қилинади.

Диний идоранинг қўшимча қилишича, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти, Мир Араб олий мадрасаси ва Ҳадис илми мактабига ўрта махсус ислом таълим муассасаларини тамомлаган абитуриентларнинг ҳужжатлари қабул қилинган.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом таълим муассасалари кириш тест синовлари эса Давлат тест маркази томонидан ўтказилади. Ўрта махсус ислом таълим муассасаларига кириш имтиҳонларининг санаси бўйича қўшимча маълумот берилади.

Top