Мамлакатнинг Женевадаги БМТ бўлинмаси ва бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий ваколатхонаси маълумотига кўра, ташриф ташкилотга аъзо давлатларни Ўзбекистон президентининг «Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнини жадаллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ мамлакатнинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнларини фаоллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар натижалари билан таништириш, Озарбойжоннинг ЖСТга аъзо бўлиш бўйича ишчи гуруҳи 15-йиғилишида иштирок этиш мақсадида ташкил этилди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси ЖСТ бош директори Нгози Оконжо–Ивеала, унинг ўринбосари Сянчэнь Чжан билан учрашди. Лотин Америкаси, Осиё-Тинч океани минтақаси, Европа ва араб дунёсининг айрим мамлакатлари билан товар ва хизматлар бозорига чиқиш бўйича қатор икки томонлама музокаралар ўтказилди.
Нгози Оконжо–Ивеала ЖСТ ташкилотга аъзо давлатлар билан икки томонлама ва кўп томонлама музокараларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистонга техник кўмакни кенгайтиришга тайёрлигини билдирди. Шу нуқтайи назардан, томонлар бир қатор халқаро маслаҳатчилардан эксперт ёрдамини жалб қилиш имкониятларини муҳокама қилди.
Ташриф давомида делегация ЖСТ котибияти билан биргаликда Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳи 7-йиғилишини шартли равишда 2023 йил сентябр-октябр ойларида ўтказиш учун барча фундаментал ҳужжатлар тўпламини тайёрлади.











