Вазирлар Маҳкамасининг «Оммавий аҳамиятга эга ноёб ва алоҳида муҳим объектларнинг эскиз лойиҳасини ишлаб чиқиш учун буюртмачи хизмати томонидан архитектура танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори қабул қилинди.

Низом оммавий аҳамиятга эга ноёб ва алоҳида муҳим объектларнинг эскиз лойиҳасини ишлаб чиқиш учун буюртмачи хизмати томонидан архитектура танловини ўтказиш тартибини белгилайди.

Буюртмачи хизмати: танловга қўйиладиган объектни Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ғазначилик тизимида рўйхатдан ўтказади; танловни ўтказиш шакли, лойиҳанинг тавсифи ва бошланғич нархи, танловни ўтказиш жойи, моддий рағбат миқдори ва таклиф бериш муддати ҳақида «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизими орқали эълон беради.
 
Танловда фақатгина архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш, хавфи юқори бўлган объектларни ва потенциал хавфли ишлаб чиқаришларни лойиҳалаштириш, қуриш ҳамда улардан фойдаланиш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияларга эга бўлган лойиҳа ташкилотлари иштирок этиши мумкин.

Иштирокчилар таклифлари қуйидаги таркибдаги комиссия томонидан баҳоланади:

  • Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ўринбосарлари;
  • Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ҳудудий бошқармалари бошлиқлари;
  • объект бўйича буюртмачи хизмати раҳбари;
  • объектдан якуний фойдаланувчи ташкилот раҳбари;
  • ҳудудий архитектура-шаҳарсозлик кенгаши аъзолари.