Тошкент вилоятида ота ўз қизини зўрлаб келгани аниқланди, дея хабар қилди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги.

Таъкидланишича, оиланинг ижтимоий мақомини белгилаш ва эҳтиёжмандлар рўйхатига киритиш мақсадида агентликнинг ижтимоий ходими хизмат кўрсатиш доирасида оила аъзоларини тиббий кўрикдан ўтказишга юборади. Айнан шу кўрик қизалоқ аввал гапира олмаган воқеаларни очиқлашга туртки бўлган. Шундан сўнг расмий тергов жараёни бошланган.

Қизалоқнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида у вақтинча оилавий болалар уйига жойлаштирилган. Комплекс баҳолаш натижасида онаси қаромоғига топширилган.

«Ҳозирда у доимий ҳимоя остида бўлиб, тикланиш жараёнидан ўтмоқда. Унга тиббий, психологик ва ижтимоий ёрдам кўрсатилмоқда»,  дейилади агентлик хабарида.

24 июл куни суд қарорига кўра, эркак ўз фарзандига нисбатан оғир жиноят содир этганликда айбдор деб топилди. Суд томонидан унга Жиноят кодексининг 118-моддаси 3-қисми, «а», «б», «э» бандлари (ўн саккиз ёшга тўлмаган яқин қариндошнинг номусига тегиш оғир оқибатларга олиб келса) асосида 12 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.