Словакия бош вазири Роберт Фицо кейинги тўрт кун ичида Хитой раҳбари Си Жинпинг, шунингдек, Россия ва Украина президентлари – Владимир Путин ва Володимир Зеленский билан икки томонлама учрашувлар ўтказиш ниятида. Фицонинг ўзи бу режалар ҳақида 1 сентябр, душанба куни Facebookʼда эълон қилинган видеода гапириб берди.
Қайд этилишича, Фицо Путин билан 2 сентябр куни кечқурун Пекинда учрашмоқчи, у ерга Словакия бош вазири Хитойда «Иккинчи жаҳон уруши даврида милитаристик Япония устидан қозонилган ғалаба»нинг 80 йиллигини нишонлаш тадбирларида иштирок этиш учун борган.
Володимир Зеленский билан учрашув, Роберт Фицонинг баёнотига кўра, 5 сентябр куни Словакия шарқида бўлиб ўтади. Си Жинпинг 4 сентябр куни Словакия ҳукумати раҳбарини қабул қилади. Бир кун аввал Пекинда байрамона ҳарбий парад бўлиб ўтади.











