Учрашувда икки мамлакат ўртасида экологик тоза технологияларни жорий этиш ва "яшил" иқтисодиётни ривожлантириш борасидаги истиқболли ташаббуслар муҳокама қилинди.
Компания раҳбари Тамер Исмаил Ўзбекистон билан яқин ҳамкорликка тайёр эканлигини таъкидлади.
"Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш стратегияси, қайта тикланадиган энергия манбаларини кенгайтиришга қаратилган ислоҳотлар ва экология соҳасидаги давлат дастурлари "GY ECO Energy" учун имконият майдони ҳисобланади", деди у.
Мулоқот давомида икки мамлакат мутахассислари ўртасида амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш, қўшма лойиҳаларни муҳокама қилиш бўйича музокараларни давом эттириш ва аниқ ташаббусларни белгилаш тўғрисида келишиб олинди.
"GY ECO Energy" компанияси фаолияти маиший чиқиндиларни энергияга айлантириш, муқобил ёқилғи ишлаб чиқариш, "яшил" водород ва органик ўғитлар тайёрлаш, тиббий, саноат ва электрон чиқиндиларни утилизация қилиш, қуёш энергетикасини ривожлантириш ҳамда пластик ва резинани қайта ишлаш каби инновацион йўналишларни ўз ичига олади.











