Дастурнинг тантанали очилиш маросимида Оксфорд университетининг Волфсон коллежи президенти сэр Тим Хитченс, Буюк Британия парламенти Лордлар палатасининг Халқаро муносабатлар ва мудофаа қўмитаси аъзоси лорд Малколм Брюс, “Осиё ва Яқин Шарқ тадқиқотлари” факултети декани ўринбосари, профессор Николай Синай, Оксфорд лорд-мэри Луиза Аптон ва Оксфорд университети илмий ҳамжамиятининг бошқа вакиллари иштирок этишди.
Тадбир доирасида Саида Мирзиёева Бодлиан кутубхонасига ташриф буюрди. Бу ерда мамлакатимиз тарихи билан боғлиқ Мирзо Улуғбекнинг “Зижи Кўрагоний” (ХV аср) асари нусхалари, Алишер Навоийнинг “Хамса”си (ХV аср), Ҳусайн Бойқаронинг “Девони Ҳусайний”си (ХV аср), Бобурийлар даврига оид миниатюралар ва бошқа шу каби нодир китоблар сақланади.
Саида Мирзиёева аёлларнинг таълим олиш имкониятларини кенгайтиришга қўшган ҳиссаси, оиладаги зўравонликни жиноий жавобгарликка тортиш тарафдори бўлгани ҳамда ўзининг серғайрат ва намунали етакчилиги орқали хотин-қизларни илҳомлантириш, уларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш миссиясини амалга ошираётгани учун Оксфорд университетининг мукофоти билан тақдирланди.



