Ветеранлар учун мўлжалланган шифохонанинг реанимация бўлимида ишлаган 37 ёшли Алекс Претти 24 январ куни Миннеаполис чекка ҳудудида мигрантларни депортация қилиш мақсадида ўтказилган рейд вақтида отиб ўлдирилган.
АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги дастлаб Претти қуролланган бўлганини, агентлар эса “ўзини ҳимоя қилиш мақсадида” ўқ узганини билдирган. Бироқ гувоҳлар, маҳаллий амалдорлар ва марҳумнинг оила аъзолари бу талқинни рад этди: уларнинг айтишича, унинг қўлида қурол эмас, телефон бўлган. Ҳодиса жойидан олинган видеоёзувлар ҳам Претти қаршилик кўрсатмаганини ва ўқ узилган пайтда ерда ётган ҳолатда бўлганини кўрсатади.
АҚШ президенти Доналд Трамп Претти ўлими юзасидан жамоатчиликда кучли норозилик тўлқини кўтарилганидан кейин содир бўлган воқеа бўйича “адолатли ва муносиб тергов” ўтказилишини эълон қилди. АҚШ Конгресси ҳодиса бўйича дастлабки ички текширув якунлари ҳақида ҳисоботни аллақачон олган. Унда Претти қўлга олиш пайтида қуролни олмоқчи бўлгани ҳақида ҳеч қандай қайд йўқ — бу эса Трамп маъмуриятининг илк баёнотларига зид келади.
Трамп маъмурияти бошлаган “иммиграция қонунчилигига риоя этилишини кучайтириш” сиёсати доирасида Миннесота штатига минглаб федерал ходимлар юборилган — улар мигрантларга қарши кескин рейдлар ўтказмоқда.
Преттининг ўлими Миннеаполисда АҚШ Иммиграция ва божхона хизмати (ICE) агенти томонидан 37 ёшли Рене Гуд ўлдирилганидан кейин орадан уч ҳафта ҳам ўтмасдан содир бўлди. Трамп маъмурияти Гудни “террорист” деб атаган ва уни отиб қўйган ICE ходими “ўзини ҳимоя қилиш” тартибида ҳаракат қилганини, чунки Гуд гўё уни “машина билан босиб кетишга” уринганини даъво қилмоқда.
Миннеаполис аҳолиси антимигрант рейдларга қарши оммавий чиқишлар қилмоқда: кўнгилли кузатувчилар қўшниларни ICE борлиги ҳақида огоҳлантирмоқда, уйдан чиқишдан қўрқаётган мигрант оилаларига озиқ-овқат етказиб бериш йўлга қўйилган, кенг кўламли норозилик акциялари ўтказилмоқда.











