Маълум қилинишича, воқеа Ўрта Чирчиқ туманида якка тартибдаги тадбиркорга тегишли савдо дўконида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлик ҳолати билан боғлиқ. Айтилишича, аниқланган ҳолат бўйича тадбиркорга 276 млн сўм жарима қўлланган бўлиб, прокурорлик ходими ушбу жаримани ваколатли танишлари орқали “бартараф қилиб бериш”ни ваъда қилган.

Шунингдек, у ҳозирда Наманган шаҳридаги нуфузли олийгоҳда ўқиётганини айтиб, талаб қилинган маблағни айнан Наманган вилоятига олиб келиб беришни сўраган.

ДХХ ходимлари ўтказган тезкор тадбирда девонхона нозири 9 минг АҚШ долларини Наманган вилоятида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳолат юзасидан Наманган вилояти прокуратураси томонидан мазкур шахс ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 25,168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “в” банди ҳамда 28,211-моддаси (пора бериш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Шунингдек, девонхона нозирига нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланган.

ДХХ фуқароларни бундай қонунбузилиш ҳолатларига дуч келганда 1520 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб хабар беришга чақирди. Шахс маълумотларининг сир сақланиши кафолатланиши таъкидланди.