18:08 / 10.03.2020
2348
“Хом ашё етиштирувчи ҳудудларнинг саноати ривожланмай қолаверадими?” ХДП депутати таклиф билан чиқди
Фото: ЎзХДП

Қишлоқ хўжалигида кластерлар ташкил этилиши, пахта ва ғаллага давлат буюртмасининг бекор қилиниши йиллар давомида кутилган ажойиб янгилик бўлди. Буни қўллаб-қувватлаган ҳолда, шу ислоҳот билан боғлиқ бошқа масалани ҳам эсдан чиқармаслигимиз керак.

Қишлоқ хўжалигида кластерлар ташкил этилиши ушбу соҳада банд бўлган минг-минглаб ходимларнинг даромад манбаи ва ижтимоий ҳимоясига таъсир ўтказмасдан қолмайди.

Айни пайтда аграр секторда маҳсулот етиштиришни кластер усулида ташкил этишда, айрим ҳолларда, бир ёқлама ҳаракатлар кўзга ташланмоқда. Аксарият ҳолларда кластер тузаётган ташкилот бошқа ҳудудда ёки бошқа вилоятда ўзининг қайта ишлаш корхонасига эга. Шунинг учун етиштирилган пахта хом ашёси жойида қайта ишланмасдан бошқа ҳудуд ёки бошқа вилоятга олиб кетилаётган ҳолатларни учратиш мумкин.

Бир қарашда “мамлакатдан четга чиқиб кетмаяпти-ку, ҳа, энди кластерлаштиришнинг дастлабки босқичида бундай ҳолатларни юзага келиши табиий”, деган фикр тўғрига ўхшайди.

Лекин масаланинг бошқа томонига ҳам эътибор бериш керак. Хом ашё етказиб, чигитини ўзида қайта ишлашдан маҳрум бўлиб қолаётган ҳудудларда айнан саноат ўта суст ривожланган. Чунки, ҳозирги ҳолатда пахта хом ашёсини етиштириш энг кам даромадли соҳа ҳисобланади, даромад эса харажатни деярли қопламайди. Пахтани қайта ишлашдан даромад оладиган жараёнлар чигитни бирламчи ва кейинги босқичларда қайта ишлашдан бошланади.

Бундай жараён узоқ давом этадиган бўлса, ўзи шундай ҳам суст ривожланган туман ёки ҳудуд баттар сустлашиб кетаверади. Маҳаллий хом-ашё етказиб берувчиларнинг даромадлари ва иш ўринлари қисқариши маҳаллий аҳолининг камбағаллик ҳолатига тушиб қолиш эҳтимолини орттиради.

Шунинг учун парламент депутатлари ушбу масалани жойига чиқиб чуқур танқидий-таҳлилий ўрганиши учун махсус ишчи гуруҳи тузиш мақсадга мувофиқ бўлади. Ишчи гуруҳи статистик маълумотлар, саволнома ва сўровлар орқали реал вазиятни ўрганиб, аниқланган муаммоларни бартараф этишнинг қонуний асосларини топиш юзасидан таклифлар тайёрлаши керак.

Бу ишни кечиктирмасдан ташкил этишимиз зарур, деб ўйлайман.

Шарофиддин Назаров,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
ЎзХДП фракцияси аъзоси

Реклама ҳуқуқи асосида

Top