12:10 / 20.06.2019
27739
Андижон аэропорти нега ишламаяпти? «Ўзбекистон ҳаво йўллари» ҳолат юзасидан изоҳ берди
Фото: «Дарё»

Бугун, 20 июнь куни Миллий матбуот марказида «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 ноябрдаги ПФ-5584-сонли «Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиациясини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ижроси бўйича матбуот анжумани ўтказди.

Тадбир давомида Андижон халқаро аэропорти билан боғлиқ ҳолат юзасидан савол берилди.

«Андижон аэропорти ишламаяпти. Аэропортнинг ҳолати бугунги кун талаблари, жумладан, Ғарбда ишлаб чиқарилган самолётлар қўнишига яроқли эмас. Бу биз маҳаллий рейсларни бажарадиган А-320 самолётларига тегишли. Бу ерда янги терминал, учиш-қўниш майдони, умуман, барча инфраструктурани қуриш керак.

Қолаверса водийда 50-70 км масофада учта аэропорт бўлиши ҳам мақсадга мувофиқ эмас.

Лекин барибир келажакда инвестор топиб, таъмирлаш ишларини олиб борамиз.

Ҳозирда Андижондаги аэропорт ишчилари ишлашда давом этишмоқда, ойлик олишяпти», дея «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК Ер усти иншоотларидан фойдаланиш ва аэропортларни бошқариш департаменти директори Антон Ходжаяннинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

2018 йил кузида ижтимоий тармоқларда «Андижон аэропорти ёпилиб, хусусийлаштирилиши, шу туфайли парвозлар тўхтатилгани» ҳақидаги гап-сўзлар тарқалганди.

Кейинроқ, 2019 йил майида Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов Kun.uz’га берган интервьюсида бу масалада тўхталганди.

«Яна бир муаммоларимиздан бири —  аэропорт. Инвесторларни жалб қилишимиз учун ҳам ушбу объект бизга жуда зарур. Б синфига мансуб аэродромга эга Андижон вилояти аэропортида учиш-қўниш йўлаги охирги марта 1980 йилда, перрон 1985 йилда таъмирланган. Турли важ ва техник носозликлар туфайли фаолияти тўхтатиб қўйилган вилоят аэропорти тез орада таъмирланади. Яқин кунларда аэропортда реконструкция ишлари бошланади», деганди ҳоким.

Термиз халқаро аэропортида эса шу йил баҳорида кенг кўламли реконструкция ишлари олиб борилганди.

Top