Ўзбекистон | 08:45 / 23.10.2022
34623
13 дақиқада ўқилади

Чангкент, ер сотиш ва одоб-ахлоқ — ҳафта дайжести

Давлат ишида ишлайдиганларга “ортиқча гап гапириш” тақиқланди. Ҳокимлар кунига ўртача бешта ноқонуний қарор чиқаряпти. Миллионлаб долларлик ўғриликларни улар лавозимидан кетганидан кейингина “билиб қолишяпти”. Якунланаётган ҳафтанинг шу ва бошқа мавзулари – Kun.uz дайжестида.

Тошкент яна чанг кентга айланиб қолди

Ҳафта Тошкентда яшовчилар учун нохуш бошланди. Душанба куни кечқурун шаҳарда чанг тўзони кўтарилиб, ҳаво саломатлик учун жуда хавфли даражада ифлосланиб кетди. Бу вақтда Тошкент бир муддат дунёнинг йирик мегаполислари орасида ҳавоси энг ифлос шаҳар бўлиб турди.

Чанг тўзони ўтган йили ноябрдаги мисли кўрилмаган чанг бўроничалик даражада бўлмаган бўлса ҳам, ундан-да жиддийроқ хавотирга сабаб бўла олади. Чунки ўтган йилги бўрон қўшни давлатлар ҳудудидан кириб келган, масъуллар ҳам ўз баёнотларида шунга урғу беришганди. 17 октябр куни эса Тошкентни бегона эмас, айнан шаҳарнинг ўзидаги ғубор қоплаб олди.

Синоптикларнинг айтишича, чанг кўтарилишига ҳарорат инверсияси деб аталувчи метеорологик ҳодиса сабаб бўлган. Бу ҳодиса бирдан совуқ тушганида кузатилади ва унинг натижасида ҳавонинг вертикал ҳаракати юзага келади. Яъни ер юзасига энг яқин ва табиийки энг илиқ ҳаво қатлами, чангларни ҳам ўзига қўшиб, тепага кўтарилади. Яшил ҳудудлар ва сув ҳавзалари камайиб, қурилишларга тўлиб кетган шаҳарда бу қандай оқибатларга олиб келиши эса ўз-ўзидан тушунарли.

Ёмғирдан бир кун кейинги Тошкент, 20 октябр, эрталаб / Фото: Давронбек Тожиалиев
Ёмғирдан икки кун кейинги Тошкент. 21 октябр, эрталаб / Фото: Kun.uz

Агар эртаси куни ёмғир ёғмаганида, бу чанг қанча вақт сақланиб турган бўларди, айтиш қийин. Сешанба-чоршанба кунлари ёғган ёмғир шаҳар аҳолисига олтин кузнинг энг чиройли кунларини ҳадя қилди. Одамлар бир неча ойлар ичида биринчи марта ниҳоят ғуборсиз, мусаффо ҳаводан нафас олди. Бу тозалик сабаб шаҳардан шимоли-шарқдаги Тиян-шан тоғлари чўққилари ҳам аниқ кўрина бошлади.

Афсуски, Тошкент учун бундай ноодатий ҳолат узоқ давом этмади. Ёғингарчилик тўхташи билан шаҳарни яна одатдаги ғубор қоплаб олди. Жума кунига келиб пойтахт ҳавоси “заиф гуруҳлар учун хавфли” тоифага қайтди. Ҳаводаги чанг қатлами ҳеч бир асбобсиз ҳам, яна оддий кўз билан кўриниб турибди.

Қоидабузарларнинг энг ёш қурбони

Фото: СТВ

Ҳафта бошидаги ёғингарчилик Ўзбекистоннинг катта ҳудудини қамраб олди. Шу кунлари Қамчиқ довонида, Қашқадарё ва Жиззах вилоятларининг тоғли ҳудудларида биринчи қор ёғди. Самарқанднинг Булунғур туманида М-39 халқаро автомобил йўлининг бир қисмини сел босди. Андижон шаҳри кўчалари яна сувга тўлиб қолди.

Энг ачинарлиси, ёғингарчилик кунлари яна жиддий йўл-транспорт ҳодисаларисиз ўтмади. 18 октябр куни Самарқанднинг Жомбой туманидаги автоҳалокат бутун Ўзбекистонни ларзага солди. Туғилганига эндигина 3 кун бўлган, туғуруқхонадан олиб кетилаётган чақалоқ уйигача етиб бормади.

Кундузи соат 13:40лар атрофида рўй берган ҳалокатда “Spark” ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, йўлнинг қарама-қарши тарафига чиқиб кетган ва рўпарадан келаётган “Nexia”га урилган. Натижада “Spark” ҳайдовчиси ва “Nexia”даги уч кунлик чақалоқ воқеа жойида вафот этган. “Neхia” ҳайдовчиси ва ундаги йўловчилар жиддий жароҳатлар билан реанимацияга ётқизилган.

Ҳокимликка тайинловлар ва собиқлар устидан жиноят ишлари

Якунланаётган ҳафта ҳоким лавозимига тайинловлар ва собиқ ҳокимлар устидан очилган жиноят ишларига бой бўлди. Тайинловнинг аксариятини битта умумий жиҳат бирлаштириб турди: республика даражасидаги раҳбарлар туманларга ҳоким қилиб жўнатилди.

Фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари Азизбек Латифжонов Пахтаобод туманига, сув хўжалиги вазири ўринбосари Акмал Арзиев Сардоба туманига, Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси ўринбосари Бекзод Умматов Асака туманига, Ветеринария ва чорвачилик қўмитаси раиси ўринбосари Сирожиддин Бердиқулов Нуробод туманига, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги бош инспектори Ҳамидулла Иномов Фарғона туманига ҳоким бўлди.

Янги ҳокимлар лавозимларини эгаллар экан, айрим эскиларнинг кўнглига ғулғула тушган. Шу ҳафта Термиз ва Қарши шаҳарларининг собиқ ҳокимлари қамоққа олингани маълум бўлди.

Термиз шаҳри собиқ ҳокими Исроил Худойбердиев / Фото: ЎзА

Термиз шаҳри собиқ ҳокими Исроил Худойбердиев ва унинг икки ўринбосари устидан тергов кетмоқда. Бу иш бўйича жами 11 киши қамаб қўйилган. Улар талон-торож ва бошқа жиноятларда айбланяпти. Хабарларга қараганда, гап қурилиш соҳасидаги жиноятлар ҳақида кетяпти. Етказилган зарар миқдори 36 млрд сўмга баҳоланган.

Қаршидаги йирик коррупциявий жиноят айбланувчилари ҳам кам эмас. Улар орасида шаҳарнинг собиқ ҳокими Жамшид Фозилов, унинг қурилиш бўйича ўринбосари, ҳокимлик бош юристи, шаҳар бош архитектори, шаҳар кадастр бошлиғи ҳам бор. Улар нақ 54 та ҳолатда ноқонуний ер ажратганликда гумонланяпти. Еб юборилгани айтилаётган пуллар миқдори 60 млрд сўмдан ошиқ. Бу – 5 миллион доллардан кўпроқ дегани.

Қарши шаҳрининг собиқ ҳокими Жамшид Фозилов / Фото: Kun.uz

Қаршидаги жиноят ишида ноодатий воқеа рўй берди. Собиқ ҳокимни эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олган прокуратура кутилмаганда суднинг қаршилигига дуч келди: 20 октябр куни суд қамоқ эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақида прокурорнинг илтимосини рад этиб, гумондорни уй қамоғига олиш бўйича ажрим чиқарган. Ўз навбатида, шаҳар прокурори шаҳар судининг бу қарори устидан вилоят судига шикоят қилган.

Эътиборлиси шундаки, Қарши ва Термиздаги жиноятлар ҳақида жамоатчилик бехабар қолиб кетиши ҳам мумкин эди. Ҳар иккала ҳолатда ҳам бу жиноят ишлари ҳақида аввалига журналистлар хабар тарқатди, прокуратура органлари шундан кейингина расмий маълумот берди. Ваҳоланки, Термизда 11 нафар гумонланувчи бундан 1 ой олдин қамоққа олинган.

Шу ўринда ҳукумат умуман эсидан чиқариб юборган бир талабни эслатишга тўғри келади. Ўтган йили қабул қилинган президент фармонига асосан, давлат хизматчиларининг касбий фаолияти билан боғлиқ суд мажлислари жонли эфирда халққа кўрсатилиши керак. Фармондаги бу талаб кучга кирганига салкам бир йил бўляпти, лекин ҳали бирорта амалдор жонли эфирда суд қилингани йўқ.

“Пахта-2022”: Ҳоким, ҳайфсан, сектор раҳбари, хизмат текшируви

Фото: Kun.uz

2022 йилнинг 9 ойида ҳокимларнинг 1 339 та қарори судлар томонидан ноқонуний деб топилган. Олий суд эълон қилган бу рақамдан келиб чиқсак, ҳар куни ўртача бешта ҳоким қарори судларда ҳақиқий эмас бўлиб чиқяпти.

Лекин бу ҳаммаси эмас. Шундай ҳолатлар борки, улар бўйича статистика ҳам, жиддий жавобгарлик ҳам йўқ. Ўтган ҳафта Фарғонанинг Учкўприк туманида 16 та фермер ҳокимиятга олиб келиниб, ўз ерларини топширишга мажбур қилинган эди. Бунинг учун айрим фермерлар бинога қамаб қўйилиб, уларга босим ўтказилган ва олдиндан тайёрлаб қўйилган аризаларга имзо қўйишга мажбурланган.

Шу ҳафта бу воқеа учун Учкўприк ҳокимига қандай чора кўрилгани маълум бўлди: вилоят ҳокими Хайрулла Бозоров унга ҳайфсан берган. Бошқа сектор раҳбарлари – туман прокурори, ички ишлар ва солиқ бошлиқларининг ҳаракатлари бўйича хизмат текшируви тайинланган.

Фермерлар, сектор раҳбарлари ва кластерлар ўртасида бўлаётган воқеаларнинг бошқа тафсилотлари билан Kun.uz суриштирувлари орқали батафсил танишишингиз мумкин. Огоҳлантириш ўрнида айтиб ўтамиз, ҳолат билан чуқурроқ танишгач, қонун устуворлигига ишончингиз аввалги даражада сақланиб қолишига кафолат беролмаймиз.

Танқид қилиш – давлат хизматчиcи учун “одобдан эмас”

Фото: Tengrinews

Фермерлар ҳуқуқлари ва қонунлар очиқчасига топталаётганига ҳақида биз ёритиб келаётган воқеаларга марказдан, яъни Тошкентдан бирор реакция бўлаётгани йўқ. Ҳукумат бошқа ишлар билан банд. Масалан, давлат фуқаролик хизматчилари учун одоб-ахлоқ қоидаларининг янгиланган мажмуаси эълон қилинди. Ижро ҳокимияти тизимида ишлайдиган 120 мингга яқин раҳбар ва ходимга тааллуқли бу қоидалар “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги янги қонунга мослаштирилган.

Масалан, янги қоидаларга кўра, давлат хизматчилари ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатларга бирон-бир шахс, гуруҳ ёки идоралар манфаатини кўзлаб ёндашмаслиги керак. Раҳбар лавозимида ишлайдиганлар маҳаллийчилик ва таниш-билишчиликка йўл қўймаслиги зарур. Ўз хизмати эвазига бошқалардан мукофот ёки совға олиш, хизмат машинасидан шахсий мақсадларда фойдаланиш ҳам мумкин эмас.

Қоидалар амалиётда қанчалик ишлаши буткул бошқа масала экани тушунарли, бироқ белгиланган профессионал талабларнинг деярли ҳаммасини актуал ва пухта ишлаб чиқилган дейиш мумкин. Фақат иккита қоида ижтимоий тармоқларда эътирозларга сабаб бўлди.

Гап шундаки, янги тартибга биноан, давлат ишида ишлайдиганлар ижтимоий тармоқларда давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда мансабдор шахслари фаолиятини муҳокама қилиши мумкин эмас. Қолаверса, улар қилинаётган ислоҳотларга нисбатан одамларда “ишончсизлик кайфиятини юзага келтириши мумкин бўлган” материалларни интернетда жойлаштирмаслиги керак.

Оддийроқ қилиб айтганда, масалан халқ таълими вазиридан мактаблардаги аҳвол ҳақида сўрасангиз, у ростини айтиб жавоб берса, яъни Молия вазирлиги, депутатлар ва ҳокимлар жуда кам пул ажратяпти деса, бу билан одоб-ахлоқ қоидаларини бузган бўлади. Интернетда ислоҳотларга ишончсизлик уйғотадиган гаплар ёзмаслик талабига эса ортиқча изоҳ ҳам шарт эмас: давлат ишида ишлайсизми, демак интернетда ёзадиган ҳар қандай танқидий гапингиз учун Одоб комиссияси олдида ҳисоб беришингизга тўғри келиши мумкин.

Ҳарбий омборда портлаш

Фото: Мудофаа вазирлиги

22 октябр, шанба куни тонгга яқин Сирдарё вилоятидаги ҳарбий омборда кучли портлаш рўй берди. Интернетда тарқалган видеолардан портлаш кучи сезиларли катта бўлганини кўриш мумкин.

Портлаш соат 04:55 да, Сирдарё туманидаги Малик аҳоли пунктида жойлашган ҳарбий қисмдаги омборда рўй берган. Бу аҳоли пункти яқинида жойлашган туман марказидаги қатор уйлар, дўконлар ва бошқа айрим биноларнинг деразалари синиб кетган, енгил конструкцияларга зарар етган. Портлаш овози ҳудудга қўшни Тошкент вилоятидаги Чиноз туманида ҳам эшитилгани айтилмоқда.

Расмийларга кўра, ҳодиса оқибатида қурбонлар йўқ. Камида 16 киши шикастланган, ҳеч бирининг жароҳати жиддий эмас. Жабрланувчилар орасида ҳарбийлар ҳам борлиги айтилмоқда. Аҳоли вакиллари тиббий ёрдамга мурожаат қилганлар сони расмий рақамлардан кўпроқлигини айтишяпти.

Омборда нималар сақлангани ва айнан нима портлагани ҳозирча номаълум. Мудофаа вазирлиги хабарида ҳарбий қисмдаги ўқ-дори захираси барча талабларга жавоб берадиган шароитда сақланаётгани маълум қилинган.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Фото: Президент матбуот хизмати

Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган Бош режаси лойиҳаси тайёр бўлди. 18 октябр куни лойиҳа президентга тақдимот қилинди. Унга кўра, катта ҳалқа йўли атрофида “яшил камар” яратиш, Чирчиқ ва Қорасув дарёлари оралиғида 500 минг аҳолига мўлжаллаб Янги Тошкент шаҳрини қуриш режа қилиняпти. Тирбандлик муаммосини ҳал этиш учун жамоат транспорти қулайлаштирилиши ваъда қилинди.

Ёш оилалар учун уй-жой субсидиясини олиш осонлаштирилди. Ҳукумат қарорига кўра, ёш оилалар, яъни 30 ёшдан ошмаган фуқаролар субсидия олишда ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга тенглаштирилади. Кимларга субсидия берилишини ҳал қиладиган комиссиялар таркиби ва бу жараёндаги бюрократия қисқартирилди.

Freedom House халқаро ташкилотининг бу йилги рейтингида ҳам Ўзбекистон “интернети эркин бўлмаган” давлатлар қаторига киритилди. Ўзбекистон бир йил олдингига қараганда бир баллга ёмонроқ натижа қайд этиб, рейтингнинг охиридан 12-ўринни эгаллади. Ҳафта давомида, шунингдек, президент матбуот хизмати бир неча ойдан бери тақдимотлардан эълон қилаётган суратларда слайдларни хиралаштириб келгани маълум бўлди. Президентнинг матбуот котиби Шерзод Асадов бу ҳолга барҳам берилишини билдирди.

Шавкат Мирзиёев Туркманистонга ташриф буюриб, бу мамлакатнинг учинчи президенти Сердар Бердимуҳамедов билан музокаралар ўтказди. Стратегик шерикликни чуқурлаштириш ҳақида декларация имзоланди. Шавкат Мирзиёев Туркманистон Сенати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан ҳам учрашди, собиқ президент меҳмонга алабай зотли ит совға қилди.

Марказий банк раисига биринчи ўринбосар тайинлангани банк соҳасида ҳафтанинг энг асосий хабари бўлди. Бу лавозимни Асакабанк раиси Нодирбек Сайдуллаев эгаллади. Регулятор раҳбарининг аввалги биринчи ўринбосари Ботир Зоҳидов Шайхонтоҳур тумани ҳокими лавозимига ўтказилганди.

Ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этилган фирибгарлик учун жавобгарлик кескин кучайтирилди. Энди бунақа фирибгарлик учун энг кам жазо – 90 млн сўм жарима, энг кўпи – 8 йил қамоқ. Аввалги жазолар 30 млн сўм жаримадан бошланиб, 5 йилгача қамоқ билан тугарди.

Мавзуга оид