Тошкент яна чанг кентга айланиб қолди

Ҳафта Тошкентда яшовчилар учун нохуш бошланди. Душанба куни кечқурун шаҳарда чанг тўзони кўтарилиб, ҳаво саломатлик учун жуда хавфли даражада ифлосланиб кетди. Бу вақтда Тошкент бир муддат дунёнинг йирик мегаполислари орасида ҳавоси энг ифлос шаҳар бўлиб турди.

Чанг тўзони ўтган йили ноябрдаги мисли кўрилмаган чанг бўроничалик даражада бўлмаган бўлса ҳам, ундан-да жиддийроқ хавотирга сабаб бўла олади. Чунки ўтган йилги бўрон қўшни давлатлар ҳудудидан кириб келган, масъуллар ҳам ўз баёнотларида шунга урғу беришганди. 17 октябр куни эса Тошкентни бегона эмас, айнан шаҳарнинг ўзидаги ғубор қоплаб олди.

Синоптикларнинг айтишича, чанг кўтарилишига ҳарорат инверсияси деб аталувчи метеорологик ҳодиса сабаб бўлган. Бу ҳодиса бирдан совуқ тушганида кузатилади ва унинг натижасида ҳавонинг вертикал ҳаракати юзага келади. Яъни ер юзасига энг яқин ва табиийки энг илиқ ҳаво қатлами, чангларни ҳам ўзига қўшиб, тепага кўтарилади. Яшил ҳудудлар ва сув ҳавзалари камайиб, қурилишларга тўлиб кетган шаҳарда бу қандай оқибатларга олиб келиши эса ўз-ўзидан тушунарли.

Ёмғирдан бир кун кейинги Тошкент, 20 октябр, эрталаб / Фото: Давронбек Тожиалиев
Ёмғирдан икки кун кейинги Тошкент. 21 октябр, эрталаб / Фото: Kun.uz

Агар эртаси куни ёмғир ёғмаганида, бу чанг қанча вақт сақланиб турган бўларди, айтиш қийин. Сешанба-чоршанба кунлари ёғган ёмғир шаҳар аҳолисига олтин кузнинг энг чиройли кунларини ҳадя қилди. Одамлар бир неча ойлар ичида биринчи марта ниҳоят ғуборсиз, мусаффо ҳаводан нафас олди. Бу тозалик сабаб шаҳардан шимоли-шарқдаги Тиян-шан тоғлари чўққилари ҳам аниқ кўрина бошлади.