Ўзбекистон | 20:18 / 24.05.2024
4370
3 дақиқада ўқилади

«Давлатимиз эртанги тақдири сизларнинг қўлингизда» - президент мактаб битирувчиларига табрик йўллади

Шавкат Мирзиёев ёшларга янги ҳаёт остонасида туришганини, бу йўлда тинимсиз изланиб, янги марралар сари талпиниш, дадиллик ва қатъий ишонч ҳисси доимо ҳамроҳ бўлиши лозимлигини таъкидлади. 

Президент Шавкат Мирзиёев мактаб битирувчиларига мурожаат қилиб, мактаб таълимини тугатаётгани билан табриклади. 

«Бугун ўз билим ва истеъдоди, куч-ғайратини Янги Ўзбекистон бунёдкори, жонажон юртимизга муносиб фарзанд бўлишдек эзгу мақсадга бахш этишга бел боғлаган сизлар каби навқирон ёшларни мактаб таълимини муваффақиятли тугатаётганингиз билан чин қалбимдан самимий табриклайман», дейилади табрик сўзида.

Давлат раҳбари ёшларга янги ҳаёт остонасида туришганини, бу йўлда тинимсиз изланиб, янги марралар сари талпиниш, дадиллик ва қатъий ишонч ҳисси доимо ҳамроҳ бўлиши лозимлигини таъкидлади. 

«Ҳамиша ёдингизда тутинг, ҳар бирингиз ўзига хос истеъдод соҳибисиз, уларни рўёбга чиқариш эса аввало ўзингизга, тинимсиз интилиш ва изланишларингизга боғлиқ», деди Мирзиёев. 

Президент ўқишни олтин ва кумуш медал билан тамомлаётган ўғил-қизларни тилга олиб, «бундай серғайрат ва билимдон фарзандларни миллионлаб ўғил-қизларга ўрнак қилиб кўрсатсак арзийди», деди. 

Мирзиёевнинг қайд қилишича, Ватан келажаги, унинг тақдири ва тараққиёти бугун шинам синфхона ва аудиторияларда қунт билан таълим олаётган ёшларнинг қўлида. Улар эртага Ўзбекистонни янада кучли, ривожланган ва бахтли давлатга айлантириш учун бор билими, иқтидори ва куч-ғайратини сафарбар қилса, «кўзлаган мақсадларимизга албатта эришамиз». 

Давлат раҳбари Ўзбекистондаги кўплаб замонавий олийгоҳлар, касб-ҳунар мактаблари ва техникумлар битирувчиларни ўз бағрига чорлаётганини таъкидлади. Бу масканларда уларнинг таълимни давом эттириб, янада чуқурроқ билим олиши учун барча шарт-шароитлар яратилганини маълум қилди. 

«Сизлар жонажон Ватанимиз шонли тарихининг бир қисми, ўз маданияти ва анъаналарини асрлар давомида асраб-авайлаб келаётган буюк халқнинг дилбандлари, Янги Ўзбекистоннинг умиди ва таянчи ҳисобланасиз. Яна бир бор таъкидлаб айтмоқчиман, давлатимизнинг эртанги тақдири, унинг равнақи ва тараққиёти сизларнинг қўлингизда», дейилади табрик сўзида. 

Президент ёшларни ҳеч қачон орзу қилишдан тўхтамасликка, катта мақсадлар йўлида имкониятларни синаб кўришдан, бу йўлда хато қилиш ва улардан сабоқ олишдан қўрқмасликка чақирди. «Чунки халқимиз сизларга катта умид ва ишонч билан қарамоқда». 

«Ҳеч шубҳасиз, ҳаётда юксак натижаларга эришиш учун тинимсиз ҳаракат, шижоат ва жасорат талаб этилади. Сизларнинг чуқур билим олиш, замонавий касб-ҳунарларни ўрганиш орқали Ватанимизга муносиб фарзандлар бўлиб етишишингиз ва унинг тақдири учун масъулиятни зиммангизга олишингизга ишонаман. Бу шарафли йўлда барчангизга бахт ва омад доимо ёр бўлишини тилайман», дейилади табрик сўзи якунида.

Мавзуга оид