Биз кўргазманинг дастур директори Антон Атрашкин билан суҳбатлашдик. У кўргазма қандай қилиб оддий келишувларни амалда ишлайдиган заводларга айлантиришга ёрдам бераётгани, қайси соҳаларга Россия сармояси кўпроқ кираётгани ва йирик буюртмачилар билан ишлаш учун ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар нималарга эътибор қаратиши кераклиги ҳақида гапирди.

INNOPROM кун тартибини ким шакллантиради?

Антон Атрашкин INNOPROM кўргазмаси билан 15 йилдан бери шуғулланади. У кўргазманинг ишбилармонлик дастурини тузади, муҳокама қилинадиган мавзуларни белгилайди ҳамда иштирокчи давлатлар ҳукуматлари ва бизнес вакиллари билан ҳамкорлик қилади. Дастур тайёрланиши жараёнида у Ўзбекистоннинг бизнес уюшмалари, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги билан доимий мулоқотда бўлади.

“Дастур тузишда фақат Google орқали топилган маълумотларга эмас, ўзбек аудиториясини қизиқтираётган реал эҳтиёжлар ва долзарб мавзуларга таяниш жуда муҳим”, – дейди Атрашкин.

INNOPROM нима ва у оддий кўргазмалардан нимаси билан фарқ қилади?

INNOPROM 16 йил аввал Екатеринбург шаҳрида минтақавий саноат кўргазмаси сифатида ташкил этилган. Дастлабки кўргазмага жуда кам компания келгани сабабли бўш турган бинони тўлдириш учун ичкарига ҳайкаллар қўйишга тўғри келган. Павилон марказига жойни банд қилиш учун ёғочдан ясалган отлар ҳам жойлаштирилган.

Ҳозирги кунда кўргазмадаги барча жойлар тадбир бошланишидан ярим йил олдин сотилади. Сўнгги кўргазмада фақат Хитойдан келган 400 дан ортиқ компания иштирокчи сифатида қатнашган. Ҳар йили кўргазмага 60 та давлатдан тахминан 50 минг киши ташриф буюради. У ҳозир беш мамлакатда ўтказилади: Россия, Ўзбекистон, Беларус, Саудия Арабистони, навбатда эса Ҳиндистон турибди.

Унинг кўплаб соҳавий тадбирлардан асосий фарқи шундаки, INNOPROM фақат битта йўналишга ихтисослашмаган. Бу универсал саноат кўргазмаси бўлиб, унда бир вақтнинг ўзида турбиналар ва дронлар, двигателлар, рақамли платформалар, юк машиналари ва тиббий протезлар намойиш этилади.

Шу сабабли ишлаб чиқариш директори ёки корхона эгаси кўргазмага бир марта ташриф буюриб, бутун саноат имкониятлари билан танишиши ва шу ернинг ўзида ҳамкорлик бўйича келишувларга эришиши мумкин.

Кўп ҳолларда одамлар станоклар ёки машиналарни бевосита кўргазма стендларидан сотиб олишади”, – дейди Атрашкин.