Ўзбекистон | 18:26 / 05.05.2026
3569
2 дақиқада ўқилади

Жисмоний шахслар турли банкларда очилган карталари ўртасида комиссиясиз пул ўтказа олади

Ўзбекистонда жисмоний шахслар ўзига тегишли банк карталари ўртасида – бу карталар турлича банкларда очилган бўлса ҳам – бепул (комиссиясиз) пул ўтказиши мумкин бўлади. Кафе-ресторанлар ҳамда бензин ва газ қуйиш шохобчалари берган чеклар бўйича кешбек тезкор тарзда қайтарилади. Президент ҳузуридаги тақдимотда шундай таклифлар илгари сурилди.

Ўзбекистонда 1 апрелдан бошлаб бир қатор товар ва хизматлар учун фақат нақдсиз шаклда тўлов қилишга ўтилган эди. 5 май куни президент Шавкат Мирзиёев ҳузуридаги йиғилишда шу янги тартибга боғлиқ равишда қатор таклифлар илгари сурилди.

Жисмоний шахсларнинг ўз банк карталари ўртасидаги пул ўтказмаларини комиссиясиз амалга ошириш, нақдсиз тўловларнинг аҳоли учун қулай шаклларини кўпайтириш, умумий овқатланиш, алкогол, тамаки ва ёқилғи сотиш соҳаларида харид чеки бўйича ҳисобланган кешбекни тезкор қайтариш имкониятини яратиш таклиф этилди.

Банк карталари орқали амалга ошириладиган операцияларда хавфсизликни таъминлаш мақсадида жорий этилган антифрод SMS-хабарномалар бўйича харажатларни қайта кўриб чиқиш, мобил иловалардаги хабарномалар ёки биометрик идентификация каби муқобил ечимлардан фойдаланиш таклиф қилинди.

“Давлатимиз раҳбари рақамлаштириш жараёнларини бизнесга қўшимча юк эмас, қулайлик яратадиган воситага айлантириш зарурлигини таъкидлади”, дейилади хабарда.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид