Ўзбекистонда қарздор ёки кафилнинг банк картасидан кредит тўловини автоматик ечиб олишда карта балансини нолга тушириб қўйиш тақиқланади.

Бу ҳақда Марказий банк қарори эълон қилинди. Қарор уч ойдан кейин – 2027 йил 10 январдан кучга киради.

Ҳужжатга асосан, тижорат банкларига кредит ва (ёки) кафиллик тўловлари бўйича мижознинг топшириғисиз унинг барча банк карта ҳисобварақларида меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг ярми миқдоридаги маблағни сақламаган ҳолда пул маблағларини ечиб олиш тақиқланади.

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 2026 йил 1 сентябрдан 1 млн 360 минг сўм деб белгиланган. Бу сумманинг ярми – 680 минг сўмни ташкил этади.

Шу тариқа, агар МҲТЭКМ ўзгармаса, 2027 йил 10 январдан бошлаб банк карталаридан кредит тўловларини мижоз топшириғисиз ечиб олишда карта ҳисобида камида 680 минг сўм маблағ қолиши талаб этилади.

Эслатиб ўтамиз, Uzcard тўлов тизими 2026 йил 15 апрелдан бошлаб кредитлар, бўлиб-бўлиб тўлаш ва бошқа мажбуриятлар юзасидан шахснинг Uzcard картасидан автоматик маблағ ечиб олинганида, карта ҳисобида 3 БҲМ (ҳозирда 1 млн 320 минг сўм)дан кам бўлмаган маблағ қоладиган тартиб ўрнатилганини эълон қилганди.