Французлар Белгияга қарши ўйинда 77-дақиқагача ортда бораётганди, кейин 13 дақиқа ичида 4 та гол уришди. Турклар қаторасига тўртинчи ўйинда ҳам ютқазди.
Миллатлар лигасида яна 4 гуруҳда 4-тур учрашувлари бўлиб ўтди.
Миллатлар лигаси терма жамоалар бош мураббийлари учун тажриба майдончаси вазифасини ўташда давом этмоқда. Гуруҳ пешқадамлиги учун кечган баҳсда икки мураббий ҳам ҳеч ким танимайдиган дарвозабонларни майдонга туширди: французлар дарвозасини «Тулуза»даги Рест, белгияликларникини «РБ Лейпциг» аъзоси бўлган Вандевордт қўриқлади.
Зидан шогирдлари дарҳол ташаббусни қўлга олди ва тўп йўқотилиши билан кучли прессинг уюштирди. Марк ван Боммел жамоаси эса қуйи блокда ҳимояланди. Меҳмонлар фақат биринчи бўлим ўрталарида рақиб жарима майдони ичкарисида тўп билан муомала қилди ва дарҳол хавфли вазият юзага келди. Аммо Раскиннинг бошда йўллаган зарбаси бироз хато кетди.
Французлар эса бутун бўлим давомида вазиятлардан фойдаланишда оқсади. Барколя дарвозабон билан яккама-якка вазиятдан ҳам фойдалана олмади. Танаффус арафасида эса меҳмонлар ҳисобда олдинга чиқиб олишди. Французларнинг прессинги муваффақиятсиз чиқди ва Лавиа майдоннинг иккинчи қисмидан туриб тўпни рақиб ҳимояси ортида юзага келган бўш ҳудудга етказди, Лукебакио офсайд чизиғида ҳаракатланиб, тўпга етиб борди ва дарвозабонга имкон қолдирмади.
Иккинчи бўлимда ҳам картина ўзгармади, мезбонлар кучли босим ўтказишди, аммо ҳимоячилар ва дарвозабондан ўта олишмади. Натижада Зидан захира кучларини ишга солишга тўғри келди ва бирданига Олисе, Шерки ва да Куня, кейинроқ Дуэ ҳам майдонда пайдо бўлди. Аввалига Вандевордт сейв ижро этишда давом этди, аммо Франция тўрт дақиқа ичида ўйинни бутунлай ўзгартирди.
Дуэ жарима майдони ташқарисида тўпни Да Кунядан қабул қилиб олгач, олис бурчакка ерлатиб зарба берди ва ҳисобни тенглаштирди.
Мавзуга оид
Меҳмонлар биринчи голдан ўзига келишга улгурмасдан иккинчисини ҳам қабул қилиб олишди. Бу сафар Шерки Майкл Олисенинг узатмасини голга айлантирди.
Ўйин охирида уч дақиқа ичида Олисе дарвозанинг турли бурчакларига зарба бериб, дублни расмийлаштирди, унга икки голида ҳам Дуэ ассистентлик қилди. Французлар зарбалар сони бўйича яққол устунликка эришди (23:5, дарвоза соҳасига тўғри борган зарбалар бўйича 8:2) ва бу якуний ҳисобда ҳам ўз аксини топди – 4:1.
Зинедин Зидан бошқарувидаги тўрт ўйинда Олисе 4+2 кўрсаткичини қайд этди. У жорий йил бошидан буён терма жамоада гол+пас бўйича 17 очко жамғариб улгурган. Ноябрдаги ўйинларда эса Тиерри Анрининг 2023 йилги рекордини (19) ортда қолдириши мумкин.
Туркия таркибида шусиз ҳам муаммолар кўп эди, Болонядаги ўйинда эса сариқ карточкалар сони ортиб кетгани туфайли Арда Гулер ва Бариш Йилмаз ҳам ўйнай олмади. Винченцо Монтелла ўз одатига кўра тажовузкор ўйин кўрсатди ва рақибни қаттиқ тер тўкишга мажбур этди, аммо яна ҳимояда ишончсиз ҳаракат қилди. Бўлим ўрталаридан ўтганда Скамакка жарима майдони марказида тўп учун курашда ютиб чиқди ва дарвозабонга ҳам имкон қолдирмади.
«Скуадра адзурра»да ҳисобдаги фарқни ошириш учун имкониятлар бўлди, масалан, Думбия яккама-якка вазиятга эга бўлди. Иккинчи бўлимда эса турклар ҳисобни тенглаштириб қўйишди. Бошқа етакчилар йўқлигида сардорлик боғичи билан тушган Челик қанотдан дарвозабон майдончасига узатма берди, тўп Элмалига теккан ҳолда ҳисобни тенглаштирган Арал Шимширга келиб тушди. Аммо ҳисобдаги тенглик ҳам узоқ сақланиб қолмади. Иккинчи бўлимда захирадан тушган Калафиори жарима зарбаси ижро этилиши вақтида барчадан илдамроқ ҳаракат қилиб, ғалаба голини урди.
Иккинчи бўлим давомида Думбия яна бир қулай вазиятни йўққа чиқарди. Аммо унинг бахтига тўп италянларда қолди ва ҳужумнинг иккинчи темпида Пио Эспозито дарвозани ишғол этди ва бу унинг терма жамоадаги 7-голи бўлди. Унга қадар «Скуадра адзурри» сафида 21 ёшгача бунча голни фақат Жузеппе Меацца урганди. Бу ғалабадан кейин Италия Белгияни ортда қолдириб, гуруҳ жадвалида иккинчи ўринга кўтарилди. Гуруҳдаги тўрт ўйинда ҳам ютқазган Туркия эса кейинги икки тур натижаларидан қатъи назар плей-оффга чиқмайди ва B дивизионга тушиб кетади.
12 ноябр. Туркия – Бельгия, Италия — Франция. 15 ноябр. Белгия – Италия, Франция — Туркия.
Инқироз кўчасига кириб қолган Руминия кетма-кет тўртинчи ўйинда ҳам ютқазди. Шведларга қарши ўйинда биринчи бўлим бошларида ўтказиб юборилган гол ягоналигини сақлаб қолди. 13-дақиқада Бергвал майдон марказида тўпни рақибдан олиб қўйди ва ҳужум бошлаб берди, ҳужумни эса дарвозабон ҳудудида бўш қолдирилган Виктор Йокереш гол билан якунлади. Бу мавсум «Арсенал»нинг асосий таркибидан тушиб қолган ушбу ҳужумчи халқаро танаффусни аъло даражада ўтказди ва тўрт ўйинда тўртта гол урди, бундан ташқари, Миллатлар лигасида қаторасига етти ўйинда гол урган ҳолда рекорд ўрнатди.
Мезбонлар иккинчи бўлимда ўзига келди ва бир неча яхши вазиятларга эга бўлди. Аммо скандинавлар ғалабани сақлаб қолишди ва гуруҳ пешқадамлигини мустаҳкамлади. Энди Швеция плей-оффга чиқиши учун кейинги икки турда бир очко олиши ҳам етарли бўлади.
Параллел учрашувда шведларнинг гуруҳ ғолиблиги учун рақобатчиси Полша минимал ҳисобда ютқазди. Иккинчи бўлим бошида Харис Табаковичнинг голи офсайд туфайли бекор қилинганди, аммо боснияликлар барибир ўйин охирида ўз мақсадига эришди. 84-дақиқада Беднарек жарима майдони ичида рақиб футболчисини қўллари билан йиқитди, белгиланган пеналтини эса Иван Башич аниқ ижро этди. Бутун ўйин давомида дарвоза соҳасига тўғри борган биргина зарба Босниянинг ғалабаси учун етарли бўлди.
Шимолий Ирландия ўз майдонида Гуржистонни мағлуб этолмади, ҳолбуки британлар ғалабага жуда яқин эди. Ўйиндаги асосий эпизод 81-дақиқада рўй берди: тўп меҳмонлар жарима майдонида узоқ қолиб кетди, бир марта дарвоза тўсинига ҳам тегди, лекин уни ҳеч ким дарвоза тўрига киритиб юбора олмади. Кейин эса вазиятга VAR аралашди ва пеналти белгиланди: бу талатўпда Нодар Ломинадзе Руайри Макконвилнинг бошига зарба бериб юборгани маълум бўлди.
Георгий Мамардашвили эса Айзек Прайснинг 11 метрдан йўллаган зарбасини қайтарди ва жамоасини мағлубиятдан сақлаб қолди.
Украина – Венгрия 1:2 Голлар: М. Тот, 52 (0:1). Яремчук, 83 (1:1). Чингер, 85 (1:2) Украина: Трубин, Михавко, Сарапий, Забарний, Крупский, Назарина (Варфоломеев, 86), Очеретко (Пихаленок, 70), Велетен (Хлан, 60), Пономаренко (Яремчук, 60), Циганков, Краснопир (Ванат, 60) Венгрия: Б. Тот, Над, Чингер, Орбан, Ошват, Собослаи (Ченвай, 87), Шефер (Р. Тот, 72), А. Тот (Сюч, 62), Виталиш, Лукач (Юрек, 61), М. Тот (Салаи, 72) Огоҳлантиришлар: Назарина, 20 – Лукач, 55. Р. Тот, 78
Ўтган турда Шимолий Ирландия майдонида йирик ҳисобда ютқазган (0:3) Украина Венгрияда уй мақомида ўтган ўйинда Словакиядан ҳам мағлуб бўлди – 1:2. Ўйинда ҳисобни Милан Тот очди: у жарима майдонига ёриб кирди ва Дмитро Ризникнинг қўпол хатоларидан кейин асосий таркибга қайтарилган Анатолий Трубинни ожиз қолдирди. 83-дақиқада Роман Яремчук бурчак зарбасидан кейин бошда гол уриб ҳисобни тенглаштирганди, аммо кўп ўтмай Марк Чингер словакларнинг тезкор қарши ҳужумида ғалаба голини урди.
Арманистон Черногорияда голсиз дуранг қайд этди. Ўйинда етарлича голли вазиятлар бўлмади ва икки жамоа ҳам зарбалар сони бўйича 10 талик нуқтага ета олмади. Мезбонлар сафида иккинчи бўлимда майдонга тушган Стефан Лончар эса Нарека Оганесянга берган зарбаси туфайли майдонни эрта тарк этди.
Кипр уйда Латвия устидан ғалаба қозонди – 2:1. Ўйиннинг иккинчи бўлими бошида меҳмонлар ҳисобни очганди: Эдуардс Дашкевичснинг зарбасидан кейин тўп ҳимоячиларга теккан ҳолда аввалига устунга, кейин дарвоза тўрига борди.
Кейин эса мезбонлар камбэк амалга оширишди. Аввалига Иоаннис Кости дарвозабонга подкат ишлатиб, тўпни олиб қўйди ва бўш дарвозани ишғол этди. Ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда кипрликлар ғалаба голини ҳам уришди – Маркус Эдвардс жарима майдони ташқарисидан айланма зарба йўллади. Голни нишонлаш учун майдонга захира футболчилари ҳам чиқиб келишди.
С лигасида гуруҳ ғолиблари тўғридан тўғри В лигасига ўтади, иккинчи ўрин эгалари В лигаси вакилларига қарши ўтиш ўйинларида иштирок этади. Учинчи ва тўртинчи ўринларни эгаллаган жамоалар эса С дивизионда қолишади.
Кейинроқ уларга D лигасидаги олти жамоа қўшилади (бу лига тугатилмоқда). Май ойида УЕФА Миллатлар лигасида уч дивизионлик (А, В, С) янги тизимни тасдиқлаганди, янги форматда 18 жамоа олтитадан учта гуруҳга ажратилади.
6 октябр куни Миллатлар лигасида биринчи халқаро танаффус доирасидаги сўнгги 10 ўйин бўлиб ўтади. Тунда икки марказий ўйин бор: Хорватия – Испания ва Англия – Чехия. Шунингдек, Швейцария, Шотландия, Беларус, Қозоғистон ва бошқа жамоалар навбатдаги ўйинларида майдонга тушади.
Миллатлар лигаси гуруҳ босқичидаги охирги икки тур 12-17 ноябр кунларида ўтказилиши белгиланган.