Булоқбоши тумани Нефтчилар қишлоғи Кончилар кўчасининг бир қисми довонга туташган. Қум ва шағал юклаб олган оғир машиналар довондан юқори тезликда қишлоқ томон ҳаракатланади ва тормоз тизими ишламай қолиб, кўнгилсиз ҳолатлар кўп содир бўлади.

Довондан катта тезликда тушаётган юк машиналарининг тормози ишламай қолиши, йўлнинг сифатсиз ва торлиги, савдо дўконларининг пиёдалар йўлагигача чиқиб кетгани йиллар давомида ўлим билан боғлиқ давомли аянчли ЙТҲлар содир бўлишига олиб келган.
Расмий муносабатларда 10 октябр куни содир бўлган ЙТҲда 3 нафар фуқаро ҳалок бўлгани айтилди. Бироқ воқеа гувоҳлари ҳаётдан кўз юмганлар 10 нафарга яқин эканини айтмоқда.
Санобар Ғофурованинг кенжа ўғли ҳам айнан юк машинаси босиб қолиши туфайли ҳаётдан кўз юмган экан:
“Беш ўғлим бор эди. Энг кичиги юк машинаси босиб қолиши оқибатида ҳалок бўлган. У ўшанда 34 ёшда эди. Марҳумнинг икки қизи бор эди, машъум ҳодиса содир бўлганда аёли ҳомиладор бўлган. Кўргиликларни деб 8 ойлик ҳомиласи чала, ногирон туғилди. Мана шу сиқилишлар, стрессларни деб ўзим ҳам касал бўлиб қолдим, юрагим ўйнайдиган бўлиб қолди, қон босими касалини орттириб олдим. Кеча бўлган воқеаларни кўриб, эшитиб, ўғлимни эслаб яна касал бўлиб қолдим.

Воқеа 2024 йилнинг 28 июнида бўлган. Ўшанда ҳам HOWO юк машинаси юқори тезликда келаётган бўлган. Тормози ишламай қолиб, ўғлимни босиб кетган.
Раҳбарлардан, тегишли ташкилотлардан илтимос қиламан, йўлларимиздан юк машиналари ўтмасин. Йўлимиз юк машиналари ҳаракатланиши учун талабга жавоб бермайди. Юк машиналари довондан оғир юки билан тушиб келади ва охир-оқибат тормоз ололмай қолиб, кўнгилсиз ҳолатлар кўп бўляпти. Куни кеча содир бўлган аварияда кўпчилик ўлди, яна қанчаси реанимацияда ётибди. Бир девор қўшни аёл ўқитувчи эди. Эри ногирон, аёли уни ишлаб боқарди. Ўша ўқитувчи аёлнинг ҳам ҳолати жуда ёмон, реанимацияда ётибди ҳозир. Бечора аёл ишлаб эрини даволатаётган эди”, дейди бундан икки йил аввалги ЙТҲда ўғлини йўқотган Санобархон ая Ғофурова.

"Бир кунда икки неварамни йўқотдим"
“Бундан 6 йил аввал юк машиналарини деб икки неварамдан айрилганман. Ўшанда катта неварам 11, кичиги 3 ёшда эди.
Соат 17:00 лар атрофида довондан тушаётган юк машинаси тормози ишламай қолганми ёки ҳайдовчиси ухлаб қолганми, икки неварамни уриб, ўзи ҳовли деворини бузиб кириб кетган. ГРПни ҳам бузиб ташлаган. Юк машинаси бир парча металлоломга ўхшаб қолди. Ҳайдовчининг ўзи ҳам ҳалок бўлган.

Келиним боласининг кўйида авария бўлган асфалт кўчага чиқиб олиб “зубила-молоток” билан асфалтни урадиган одат чиқарди. Келинни шифохонага олиб борсам, шифокорлар келинингиз бошқа уйда яшамаса жинни бўлиб қолиши ҳеч гап эмас, деди. Хўп дедим-у, (Россияда опаси ишларди) опаларнинг ёнига жўнатдим. Россиядан қишлоққа ҳар замон келади. Ўшанда ҳам уйимизга кирса киради, бўлмаса йўқ.
Юк машиналари, бу довон қанча одамларнинг ёстиғини қуритди. Буни Нефтчилар қишлоғи аҳолиси жуда яхши билади. Тегишли ташкилотлардан илтимос қилиб сўраймиз, довонни пасайтириб беришсин ёки бу кўчадан умуман юк машиналари ўтмасин”, дейди бир кунда икки неварасидан айрилган Абдуқодир Нишонов.

"Темирга пулни қаердан оламан, бошим қотяпти"
“Куни кеча содир бўлган ЙТҲда турмуш ўртоғимни HOWO юк машинаси босиб кетди. Оёғи, қовурғаси 15 жойидан синган, боши, юзлари ёрилиб кетган. Ҳозир реанимацияда ётибди. Нима бўлганини сўрасам, тепаликдан катта тезликда юк машинаси келиб қолгани, чеккага қочишга улгурмаганини айтди.
3-4 одам ўлди дейишяпти. Аслида реанимациянинг ўзида ЙТҲдан олиб борилган 16 нафар одамни санадим. Уларнинг ичидан яна нечта одам ўлгандир?!
Худодан тилаб олган биргина ўғлимиз бор. Унинг бахтига онаси соғайиб кетсин. Онаси ўқитувчилик қилиб бизни боқарди. Оиламиз боқувчиси эди. I гуруҳ ногирониман. Юрагимга стент қўйилган, буйрагим ишламайди, ҳафтада уч марта диализ оламан. Дардимга малҳам бўладиган шу аёлим эди. У ҳам фожиага йўлиқиб турибди. Оёғига махсус темир қўйдириш керак экан. Нархи етти млн сўмдан ошиқ турар экан. Энди у темирга пулни қаердан оламан, бошим қотиб турибди”, дейди турмуш ўртоғи реанимацияда қолаётган Фатҳиддин Самиев.

Суриштирув давомида 10 октябр куни содир бўлган ЙТҲ да яқинларидан айрилган бир нечта хонадонларга кирдик. Лекин улар негадир ҳолат ҳақида гапиришни хоҳламади.
Маҳаллий аҳоли вакилларига кўра, бундан 3 йил аввал туман ҳокими Нефтчилар қишлоғи аҳолисига йиғилиш ўтказиб, довонни пасайтириш учун 83 млрд сўм ажратилганини айтган. Ҳатто 1-2 кун бу борада амалий ишлар ҳам олиб борилган. Бироқ бошлаб қўйилган иш охирига етмаган.
"Маблағ ажратилса, довонни пасайтирамиз"
“Ҳар йили йилнинг бошида Андижон вилояти автойўл бошқармасига довон йўлини пасайтириш учун таклиф берамиз. Бошқа муқобил йўл бўлмагани боис юк машиналари юки билан довондан тушиб келиб, цемент заводига боради.
Йўллар тор, юк машиналарининг бу кўчадан ҳаракатланиши аслида мумкин эмас. Йўлларни кенгайтириш учун эса аҳолини кўчиришга тўғри келади.
Ҳозирда йўл бўйидаги дўконларни буздиряпмиз. Ҳамма нарса маблағга тақалади. Довонни пасайтириш учун маблағ ажратилса, пасайтиришимиз мумкин”, дейди биз билан телефон орқали суҳбатлашган Булоқбоши тумани Автомобил йўллари бошқармаси бошлиғи Беруний Тожиматов.
10 октябр куни содир бўлган HOWO юк машинаси билан боғлиқ ЙТҲ юзасидан Булоқбоши тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми (Одамлар ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.














