Жамият | 13:54 / 16.01.2026
37008
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада 14 ёшли қиз бир неча шахс томонидан зўрланди

Фарғона вилояти Учкўприк туманида 14 ёшли вояга етмаган қиз бир неча шахс томонидан жинсий зўравонликка учради. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар қамоққа олинган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотларга кўра, воқеа 2026 йил 9 январь куни содир бўлган. Айтилишича, вояга етмаган қизга нисбатан зўравонлик содир этган тўрт нафар йигит 2002 йилда туғилган.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Kun.uz’га ушбу ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

“Ҳозирда ҳолат юзасидан Учкўприк тумани ИИБ томонидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Гумонланувчилар тегишли тартибда қўлга олинган. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги раҳбарияти ҳуқуқ-тартибот органлари билан узвий ҳамкорликда мазкур ҳолатни алоҳида назоратга олган.

Айбдор деб топилганлар белгиланган тартибда жиноий жавобгарликка тортилади. Айни пайтда “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ходимлари томонидан психологик ва юридик хизматлар кўрсатилмоқда», дейилади агентлик хабарида.

Болалар омбудсмани ҳам Kun.uz’га гумонланувчилар қамоққа олинганини, аммо мазкур жиноят ишига доир тафсилотларни кенг жамоатчиликка очиқлаш бола манфаатларига зид ҳисобланишини маълум қилди.

«Ҳолат юзасидан жиноят иши ўз вақтида тезкор қўзғатилган, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб бориляпти. Гумонланувчилар ушланиб, уларга қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. Болалар омбудсмани ўз ваколати доирасида мазкур иш юзасидан бола манфаатлари нуқтаи назаридан кузатув олиб бормоқда.

Болалар омбудсмани ҳолат юзасидан ўз кузатувини олиб борган ҳолда таъкидлайдики, мазкур жиноят ишига тегишли ҳолатларни батафсил очиқлаш бола манфаатига зид бўлиб, болага оид маълумотлар ОАВда кенг тарқалиши жабрланувчи-боланинг ҳуқуқларига зарар етказади», дейилади маълумотда.

Аввалроқ, Сурхондарёда 9-синф ўқувчиси ўз мактабдоши томонидан зўрланганди.  

 

Гулмира Тошниёзова
Муаллиф Гулмира Тошниёзова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид