Ўзбекистон | 16:10 / 27.10.2025
6014
2 дақиқада ўқилади

Радарлар қайд этган қоидабузарликлар учун ҳам жарима баллари ёзилади

2026 йил 1 апрелдан бошлаб, фото ва видеорадарлар орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун ҳам жарима балларини ҳисоблаш бошланади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси қарорида белгилаб қўйилди. Ҳозир фақат ЙҲХ ходимлари қўл режимида тузган баённомалар бўйича балл ҳисоблаб келинмоқда.

Фото: DepositPhotos

Ўзбекистонда радарлар қайд этган қоидабузарликлар бўйича ҳам ҳайдовчиларга жарима баллари ҳисоблаш бошланади.

Ҳукумат қарорига кўра, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб:

  • махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимлари орқали қайд этилган тегишли йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун ҳам жарима баллари ҳисобланади;
  • жарима балларини транспорт воситасининг мулкдори ва мазкур транспорт воситасидан фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар асосида белгиланган тартибда (ишончнома, суғурта полиси, йўл варақаси) фойдаланувчи бошқа ҳайдовчиларга тақсимлаш тартиби жорий этилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун жарима балларини ҳисоблаш тартиби – узоқ кечикишлардан кейин – 2025 йил 1 июндан бошланди. Шундан буён фақат ЙҲХ ходими томонидан қўл режимида қайд этилган қоидабузарликларга нисбатан жарима баллари ҳисоблаб келинмоқда.

Бу тизимда қоидабузарликларнинг йигирмага яқин тури учун 0,2 баллдан 2 баллгача жарима баллари белгиланган. Хусусан, тезликни рухсат этилганидан соатига 20 километргача ошириб юборганлик учун 0,5 балл ҳисобланади. 12 ой ичида 12 балл тўплаган ҳайдовчилар 6 ойдан 3 йилгача муддатга ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум бўлади.

Июн, июл, август ойларида 64 мингга яқин ҳайдовчига жарима балли ёзилган бўлиб, улардан 4 нафари уч ой ичида 5 балл тўплашга улгурган.

Ҳукумат қарори билан, 2025 йил охиригача ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилган шахсларни қайта имтиҳон қилишнинг алоҳида тартиби ишлаб чиқилиши белгиланган.

Мавзуга оид