Жамият | 20:05 / 26.04.2024
15880
2 дақиқада ўқилади

Навоийда 9-синф ўқувчиси бошқарувидаги Matiz ЙТҲга учради. Икки ўқувчи вафот этган

Навоий шаҳри ва Кармана туманидаги мактабларнинг 3 нафар ўқувчиси бегона фуқаронинг машинасини олиб, Нурота туманига саёҳатга борган. Улар ортга қайтишда ЙТҲга учраган. Икки бола воқеа жойида ҳалок бўлган, бир нафари эса шифохонада оғир аҳволда қолмоқда.   

Иллюстратив фото

Навоийда болалар ўлими билан боғлиқ ЙТҲ содир бўлди. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар бермоқда.    

Манбага кўра, ЙТҲга учраган болалар Навоий шаҳридаги 11-сонли ҳамда Кармана туманидаги 5- ва 7-сонли умумий ўрта таълим мактабларининг ўқувчилари бўлган. 8- ва 9-синфда ўқийдиган 3 нафар бола 23 апрел куни ўзларига бегона бўлган фуқаронинг Matiz машинасини олиб, Нурота туманига саёҳатга борган. Машинани ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган, вояга етмаган болаларнинг ўзлари бошқарган. 

Улар ортга қайтишда рулдаги ўқувчи бошқарувни йўқотган ва ЙТҲ содир бўлган. Бунинг оқибатида 2 ўқувчи воқеа жойида ҳалок бўлган. Учинчи ўқувчи эса оғир тан жароҳати билан Кармана тумани марказий шифохонасига келтирилган. Ҳозирда у ҳам жонлантириш бўлимида оғир аҳволда қолмоқда.   

Kun.uz ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Навоий вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ матбуот котиби билан боғланди.

“Ҳозирда ҳолат юзасидан, шунингдек, машина эгаси ким эканлигини аниқлаш борасида дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Афсуски, кейинги пайтларда ота-оналар ва катталар томонидан болаларга машина рулини ишониб топшириш ҳолатлари кўпаймоқда. Бу эса кўнгилсиз ҳолатларга олиб келяпти. Ота-оналардан бу борада эҳтиёт бўлишни, болаларга машина бошқарувини бермасликни сўраб қоламиз”, дейди Навоий вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ матбуот котиби Фаёзжон Қосимов Kun.uz журналисти билан суҳбатда.  

Олдинроқ Ғаллаорол туманида қоидаларни бузиб, катта тезликда ҳаракатланган Lacetti мактабга кетаётган 3 нафар ўқувчини уриб юборгани ва улар ҳалок бўлгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид