Президент 22 май куни Тошкентдаги Халқаро конгресс марказида Ўзбекистонда китобхонликни ривожлантириш бўйича умуммиллий ҳаракатга старт бериш маросимида иштирок этди.
Давлат раҳбари бугун дунё шиддат билан ўзгараётгани, рақамли технологиялар, замонавий гаджетлар ва сунъий интеллект ҳаётимизга тобора чуқур кириб келаётганини таъкидлади. Бундай мураккаб шароитда инсоннинг мустақил фикрлай олиши энг катта устунлик экани қайд этилди.
– Китоб ўқийдиган одам теран ва соғлом фикрлайди. Бундай тафаккурга эга инсон эса жамиятни ўзгартира олади, – деди президент.

Таъкидланганидек, Янги Ўзбекистонда мутолаа маданияти ва китобга эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилмоқда. Китобхонлик фақат таълим масаласи эмас, балки миллат келажаги, халқимизнинг маънавий қудрати ва мамлакат рақобатбардошлигини таъминлайдиган муҳим омилдир.
Давлат раҳбари улуғ аждодлар – Имом Бухорий, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек каби мутафаккирлар инсоният цивилизациясига улкан ҳисса қўшганини қайд этди. Уларнинг юксак марраларга эришишида илмга интилиш ва китоб мутолааси асосий манба бўлган.

Шу маънода, Ўзбекистон халқаро майдонда қудратли ва юксак салоҳиятли халқ сифатида ўзини намоён этиши учун икки мустаҳкам асосга таяниши зарурлиги таъкидланди. Булар – бебаҳо илмий ва маънавий мерос ҳамда замонавий илм-фан ва илғор технологиялар.
Президент ўз фаолиятининг дастлабки кунларидан ёшларни китобга ошно қилиш, уларда билимга меҳр ва рағбат уйғотишга устувор аҳамият қаратиб келаётганини таъкидлади. 2017 йилдан буён ўтказилаётган “Ёш китобхон” танлови миллионлаб ёшларни китобга яқинлаштирди. “Ёш китобхон оила” танлови эса мутолаа муҳитини ҳар бир хонадонга олиб киришга хизмат қилмоқда.

Маросимда китобхонликни ривожлантириш бўйича халқаро тажрибага ҳам эътибор қаратилди. Хусусан, Бирлашган Араб Амирликларида 2015 йилда Шайх Муҳаммад бин Рашид Ол Мактум ташаббуси билан бошланган “Араб китобхонлик танлови” дастури бугунги кунда жаҳондаги энг йирик маърифий ҳаракатлардан бирига айлангани қайд этилди. Қисқа вақт ичида ушбу ташаббус 200 миллиондан ортиқ ўқувчини қамраб олган.










