Агар Ўзбекистонга электромобил олиб кирмоқчи бўлсангиз, фақат утилизациянинг ўзи учун 45 млн сўм тўлашингиз керак. Kun.uz бу борада бошқа мамлакатлардаги вазиятни ўрганди. Маълум бўлишича, қўшни давлатлар: Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистонда электромобиллар учун бундай йиғим йўқ.

 

2025 йил 1 майдан бошлаб импорт қилинадиган электромобиллар учун утилизация йиғими кескин оширилди. Ишлаб чиқарилганига 3 йилдан ошмаган электромобиллар учун йиғим БҲМнинг 30 баробаридан 120 баробарига ёки 45 миллион сўмгача кўтарилди. Агар электромобил ишлаб чиқарилганига 3 йилдан ошган бўлса, йиғим БҲМнинг 210 баробари ёки 78,75 миллион сўмни ташкил қилади. Янги тартиб электромобил нархларини ошириб, уларни харидорлар учун янада қимматлаштирди.

Kun.uz утилизация йиғими борасида хориж тажрибасини ўрганди.

Марказий Осиё мамлакатлари

Қозоғистонда ҳам импорт машиналар учун утилизация йиғими бор, лекин бу тўлов фақат бензинли ва гибрид автомобиллардан олинади. Ҳукумат электромобилларни оммавийлаштириш учун улардан утилизация йиғими ундирмайди.

Қирғизистонга ҳам Хитойдан арзон электромобиллар олиб кириш кўпайгани ортидан уларнинг импортига утилизация йиғими жорий қилиш масаласи кун тартибига олиб чиқилганди. Хусусан, 2024 йилнинг феврал ойида иқтисодиёт вазири ўринбосари Айнура Усенбекова “2025 йилда Қирғизистонда электромобиллар учун утилизация йиғими жорий этилади”, деган баёнот билан чиқди. Ҳозирча бу борада ҳеч қандай ўзгариш бўлмади. Демак, қирғизистонликлар ҳам электромобил импорт қилиш учун утилйиғим тўламайди.