17:39 / 24.11.2023
9186

Ўзбекистонда суғориладиган ерларнинг ярмидан кўпи шўрлангани маълум қилинди

Сўнгги йилларда олиб борилган тадқиқотларга кўра, республикадаги суғориладиган ерларнинг қарийб 53 фоизи турли даражада шўрланган. Икки йил олдин бу кўрсаткич 45 фоиз экани маълум қилинганди.

Фото: Kun.uz

Сенаторлар томонидан “Тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.

Таъкидланишича, ер юзидаги бугунги экологик омилларнинг кескин ўзгариши ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланишга, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳосилдорлиги ва сифатини оширишга ўз таъсирини кўрсатмоқда. Бу эса, ўз навбатида, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш ва истеъмол рационини яхшилаш, тупроқ унумдорлигини ошириш, сақлаш ва асраб-авайлашни талаб этмоқда.

Қайд этилишича, сўнгги йилларда олиб борилган тадқиқотлар республикада суғориладиган ерларнинг қарийб 53 фоизи турли даражада шўрлангани, 69 фоизга яқин тупроқ устки қатламида гумус миқдори бор-йўғи 0,5-1 фоизни ташкил этгани, 600 минг гектар яйлов ерлари деградацияга учраганини кўрсатган.

Маълумот учун, 2020 йил 1 октябр ҳолатига Ўзбекистондаги суғориладиган ерларнинг 44,7 фоизи турли даражада, хусусан 31,0 фоизи кучсиз, 11,9 фоизи ўртача, 1,9 фоизи эса кучли шўрлангани айтилганди.

Фото: Сенат матбуот хизмати

Қонун билан ер фондининг барча тоифаларидаги тупроқнинг унумдор ва тупроқ ҳосил қилувчи қатламлари тупроқни муҳофаза қилиш объекти этиб белгиланмоқда. Шунингдек, қонунда тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш соҳасидаги давлат назорати, ер эгаларининг, ердан фойдаланувчиларнинг ва ер участкалари ижарачиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари мустаҳкамланмоқда.

Тупроқ унумдорлигини ошириш ва муҳофаза қилиш, тупроқларнинг ҳолатини яхшилаш, унумдорлигини сақлаш, шунингдек, масъул вазирлик ва идораларнинг ваколатлари, ерларни рекултивация қилиш, тупроқ ҳолати ва сифатига таъсир қилувчи лойиҳалар, воситалар ва технологияларни давлат экспертизасидан ўтказиш масалалари ҳам ҳужжатда ўз аксини топган.

Фото: Сенат матбуот хизмати

Бундан ташқари, жисмоний ва юридик шахслар томонидан тупроққа етказилган зарарнинг ўрни қопланишини талаб қилиш ҳуқуқи белгиланяпти. Шаҳарсозлик фаолиятини, геологик қидирувни ва фойдали қазилмаларни қазиб олишни, шунингдек қишлоқ хўжалигига оид бўлмаган бошқа фаолиятни амалга ошириш чоғида тупроқнинг унумдор қатлами сидириб олинмагани ва сақланмагани факти аниқланган тақдирда, етказилган зарарнинг ўрни қопланиши мустаҳкамланмоқда.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Top