Ўзбекистон | 15:15 / 27.09.2025
24155
1 дақиқада ўқилади

Боғча болаларининг заҳарлангани юзасидан 7 киши қамоққа олинди

Тошкент вилоятидаги боғчаларда мингга яқин болалар заҳарлангани ортидан ишлаб чиқарувчи фирманинг 3 нафар, аутсорсер корхоналарнинг 4 нафар мансабдори гумонланувчи сифатида қамоққа олинди, дея хабар берди Kun.uz манбаси. Тергов вилоят ИИББдан Ички ишлар вазирлигига ўтказилган.

Фото: Kun.uz

Тошкент вилоятидаги боғчаларда кузатилган оммавий заҳарланишга оид жиноят иши тергови доирасида 7 кишига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар берди.

Қўлга олинганларнинг 3 нафари – заҳарланишга сабаб бўлгани айтилаётган озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи корхона мансабдорлари. Яна 4 киши боғчаларга озиқ-овқат етказиб берувчи аутсорсер фирмалар мансабдорлари ҳисобланади.

Жиноят иши тергови вилоят ИИББдан Ички ишлар вазирлигига ўтказилган.

Аввалроқ Санэпид берган маълумотга кўра, ўткир гастроэнтерит ташхиси қўйилган боғча тарбияланувчилари сони 963 нафар бўлиб, ҳозиргача улардан 269 нафари соғайган, яна 421 нафарига тузалгани учун бугун, 27 сентябрда шифохонадан уйига жавоб берилиши кутиляпти. 13 бола ўртача оғир аҳволда қолмоқда.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид