Жамият | 17:59 / 06.08.2025
44318
3 дақиқада ўқилади

Сирдарёда машина олиб қочган икки йигит Бўкада уларнинг йўлини тўсган ИИБ ходимини пичоқлади

18 ёшли икки йигит ўзлари Самарқанд шаҳридан йўловчи сифатида минган Cobalt машинасини Сирдарё вилояти ҳудудида ҳайдовчи ҳожатхонага кирганидан фойдаланиб, олиб қочган. Тўсиб ушлаш режаси ҳаракатга келтирилгач, уларни Бўка тумани ҳудудида ИИБ ходими тўхтатишга уринган. Аммо улар ходимни пичоқлаб, Cobalt’ни қолдирган ҳолда унинг Matiz машинасини ҳайдаб кетишган.

Фото: Kun.uz

Бўка тумани ИИБ Тезкор-қидирув хизмати Жиноят қидирув бўлинмаси тезкор вакили пичоқланиб, машинаси олиб қочилди. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар берди.

Маълум бўлишича, ҳолат 2025 йил 2 август куни содир бўлган: Андижон вилояти Хўжаобод туманида яшовчи Ф.Ш. ҳамда Ф.Х. (иккиси ҳам 2007 йилда туғилган) Наманган вилоятига кетиш мақсадида Самарқанд шаҳридан йўловчи сифатида фуқаро А.Н. бошқарувидаги Cobalt машинасига минишган. Сирдарё вилояти ҳудудида ҳайдовчи ҳожатхонага кириб кетганида Ф.Х. ва Ф.Ш. машинани олиб қочишган.

2 август куни соат 3:15 да Сирдарё вилояти ИИБ 102 хизматига Оқолтин тумани ҳудудида автомашиналарга газ тўлдириш шохобчасидан Cobalt машинаси номаълум шахслар томонидан олиб қочилгани ҳақида хабар келиб тушган. Ушбу хабарга асосан тўсиб ушлаш режаси ҳаракатга келтирилган.

Вилоят ҳудудидаги барча ЙПХ инспекторлари, ЙПХ масканлари ва блок-постлар огоҳлантирилиб, мавжуд камералардан олиб қочилган машинанинг ҳаракат йўналишини аниқлаш бўйича ишлар олиб борилган. Бироқ жиноятчилар машинанинг давлат рақам белгисини ечиб ҳаракатланган.

Сайхунобод тумани ҳудудидаги Бўка блок-постида хизмат олиб бораётган ЙПХ инспекторига ушбу ҳолат дарҳол етказилиб, тегишли топшириқ берилган. Соат 04:24 да ушбу блок-постга давлат рақам белгиси бўлмаган оқ рангли Cobalt машинаси кириб келган. ЙПХ инспектори уни тўхтатиб, ҳужжатларини сўраган. Машинани бошқариб бораётган ҳайдовчи ҳужжатларни тақдим этиб, постдаги ёпиқ ҳолда турган иккинчи йўлакдан машина бошқариб, номаълум томонга кетиб қолган.

Гумонланувчилар олиб қочилган машинада Тошкент вилояти Бўка тумани ҳудудида ҳаракатланиб кетаётганида уларни Бўка тумани ИИБ Тезкор-қидирув хизмати Жиноят қидирув бўлинмаси тезкор вакили Н.Ш. кўриб, ушлашга уринган. Аммо улардан бири ходимнинг бўйнига пичоқ билан жароҳат етказган. Сўнгра йигитлар ўзлари олиб қочган Cobalt’ни ўша ерда қолдириб, ходимнинг Matiz машинасини ҳайдаб, қочиб кетишган.

Шундан сўнг, гумонланувчилар Тошкент вилояти Оҳангарон туманида ҳаракатланиб кетаётганида уларга ЙПХ инспектори Х.Д. тўхташ ишорасини берган. Бироқ улар инспекторнинг бу талабига бўйсунмай, уни машинада уриб юбориб, йўлда давом этишган. Инспектор эса оёғидан жароҳатланиб, шифохонага мурожаат қилган.

Олиб борилган тезкор-қидирув ишлари натижасида гумонланувчи шахслар Оҳангарон шаҳри ҳудудида ушланган.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 267-моддасига кўра, транспорт воситасини олиб қочиш 5 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Тайёрлаган:  Руслан Сабуров

Мавзуга оид