9 декабр куни Россия ва Хитой ҳарбий-ҳаво кучлари Япония атрофида қўшма патрул парвозлари шаклида машғулотлар ўтказди. Япония Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, Пекин билан кескинлик ортиб бораётган бир пайтда, патрул парвозларини кузатиш учун Токио ўз қирувчи самолётларини ҳавога кўтарган.

Reutersʼнинг ёзишича, Россиянинг ядровий қурол ташишга қодир икки дона Ту-95 стратегик бомбардимончиси Япония денгизидан Шарқий Хитой денгизи томонга учган. Кейин у ерда Хитойнинг икки дона H-6 бомбардимончиси билан учрашган ва Тинч океани устида «узоқ масофали қўшма парвозни» амалга оширган.

Бомбардимончилар Япония таркибидаги Окинава ва Мияко ороллари орасида ҳам бир неча марта бориб-келиб, парвоз қилган. Бу вақтда уларга Хитойнинг тўртта J-16 қирувчи самолёти ҳамроҳлик қилган. Бу ороллар орасидаги Мияко бўғози халқаро сувларга мансуб ҳудуд сифатида таснифланади.

Япония денгизи ҳудудида олиб борилган яна бир машғулотда эса Россия ҳарбий-ҳаво кучларининг бир дона А-50 эрта огоҳлантириш самолёти ва иккита Су-30 қирувчи самолёти иштирок этган.

Ту-95 стратегик бомбардимончи / Фото: Reuters
Фото: X/China Military

Япония мудофаа вазири Шинжиро Коизуми Россия ва Хитойнинг қўшма ҳаракатларини хавф сифатида баҳолади. Машғулотлар «мамлакатимизга нисбатан куч намойиши қилиш мақсадини очиқ-ойдин кўзлаган бўлиб, бу миллий хавфсизлигимиз учун жиддий хавотир уйғотади», деб ёзди Шинжиро Коизуми.