Олий Мажлис Сенатида 2 октябр куни бўлиб ўтган ялпи мажлисда «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни кўриб чиқилди ва маъқулланди.
Қонун тўғрисидаги маъруза учун сўзга чиққан сенатор Абдулҳаким Эшмуродовнинг маълумотига кўра, ЖК 118-моддаси 4-қисми (14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш) бўйича 2022 йилда 85 та, 2023 йилда 108 та, 2024 йилда 129 та, 2025 йилда эса 123 та жиноят иши қўзғатилган.
119-модда 4-қисми (14 ёшга тўлмагани айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) бўйича эса 2022 йилда 144 та, 2023 йилда 163 та, 2024 йилда 170 та ва 2025 йилда 116 та жиноят иши қайд этилган.
Шунингдек, вояга етмаганларга нисбатан шаҳвоний шилқимлик бўйича мурожаатлар сони 2023 йилдаги 56 тадан 2025 йилда 141 тага ошган.
«Мамлакатимизда болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, уларни тазйиқ ва зўравонликдан муҳофаза қилиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Аммо амалиёт таҳлили вояга етмаганларга нисбатан содир этилаётган жинсий ва жисмоний зўравонлик ҳолатларига қарши жазо муқаррарлигини таъминлаш ҳамда процессуал ҳимоя механизмларини янада кучайтиришни тақозо этмоқда», – дейилади Сенат матбуот хизмати хабарида.
Сенаторлар ушбу қонун жамиятда болаларга нисбатан зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига чек қўйишга, содир этилган қилмиш учун жазонинг муқаррарлигини таъминлашга ҳамда ҳар бир боланинг хавфсиз ва адолатли муҳитда камол топишига хизмат қилишини алоҳида қайд этди.
Энди ҳужжат кучга кириши учун уни президент имзолаши керак бўлади.
25 йилгача ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш
Қонун билан 14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига текканлик ҳамда унга нисбатан жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондирганлик учун узоқ муддатли 25 йилгача ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси жорий этилмоқда.
Шунингдек, болаларнинг жинсий дахлсизлигига қарши содир этилган ўта оғир жиноятлар бўйича жавобгарликка тортиш ва ҳукмни ижро этиш муддатлари ўтиб кетгани қўлланмайди.
Боланинг ўлимига сабаб бўлган қасддан содир этилган жиноятлар учун шартли ҳукм қилиш ва жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш бутунлай тақиқланмоқда.







