Кун тартиби энди бошланаётган эрта тонг. Тошкентнинг Қорасув мавзесида жойлашган 105-сонли махсус мактаб-интернат ҳовлиси секин-аста гавжумлашади. Бу маскан оддий мактаблардан фарқ қилади: бу ер алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган, ақлий ривожланишида енгил ва ўрта даражадаги нуқсони бор болажонларга меҳр улашиладиган, уларни ҳаётга мослаштирадиган муассасадир.
Эрталабки соат 8:30. Мактаб тарбиячиси Зулфия опа болаларни етаклаб келиб, уларни бошланғич синф ўқитувчиси Наргиза опа Ҳайитохуновага топширади. Шу тахлит ҳар куни дарслар бошланади, дарсдан кейин эса интернатда қоладиган болажонлар тарбиячилар назоратида уй вазифаларини бажариб, қўшимча машғулотлар билан машғул бўлишади.

Биринчи қадам: Доска қаршисидаги сабр сабоғи
Синфга қадам қўйишингиз билан ўзгача бир муҳитни ҳис қиласиз. Бугунги сабоқ — “Она тили”. Устоз унли ва ундош товушларни, лотин алифбосидаги ҳарфларни шунчаки тушунтирмайди, балки ҳар бир болага алоҳида ёндашиб, унинг қўлидан тутади. Ақлий ривожланиши секинлашган болаларга билим бериш оддий методика билан битмайди. Бу ерда асосий қурол — чексиз сабр ва самимият. Болаларнинг хархашаси, эътиборсизлиги ёки ўзгача феъл-атворига Наргиза опа бирор марта бақирмайди, койимайди.
Ота-оналарнинг эътироф этишича, бола ҳеч қачон алдамайди. Бақирган инсондан ўзини олиб қочадиган мурғак қалблар Наргиза опани кўрганда югуриб келиб қучоқлайди.
“Ўтган ўқув йилида биринчи синфга келишганида анча қийин бўлган эди. Боғчадан келган бола эркин бўлади — хоҳласа ўйнайди, хоҳласа ўтиради. Мактабда эса ҳар бир ўқувчининг ўз жойи ва ўқув қуроли бор. Ҳар бир фарзанд ўз оиласида энг азиз. Ота-оналар келиб, фарзандларидаги кичик бўлса-да ютуқни кўриб қувонганда меҳнатимиз бесамар кетмаганини ҳис қиламан”, — дейди устоз юзида табассум билан.
Наргиза опа шунчаки педагог эмас, у дефектолог, логопед ва 2-синфлар учун мўлжалланган махсус “Она тили” дарслигининг ҳаммуаллифи ҳамдир. 36 йиллик тажриба ҳар бир саҳифага, ҳар бир методикага муҳрланган.
Мўъжиза каби рўёбга чиққан умидлар педагоглик фаолияти давомида Наргиза опа 15 йил давомида тиббий-педагогик комиссияда ҳам меҳнат қилган. Турли оғир ташхисли болаларни кўриб, инсоннинг ҳар бир соғлом аъзоси учун шукроналик ҳиссини туйганини яширмайди. Ҳатто уйда таълим оладиган (надомник), оғир гидроцефалия билан оғриган, ҳаракатланиш ва нутқ имкониятидан маҳрум бўлган Иброҳим исмли болажоннинг тақдири бу сабрнинг ёрқин исботидир.
Шифокорлар ва мутахассислар “ўқитиб бўлмайди” деб хулоса берган бўлса-да, устоз ва фидойи онанинг қатъияти сабаб 4 йил давомида мўъжиза юз берди. Бола ручкани ушлашни, расмлардан ҳайвонларни танишни ва ҳатто овоз чиқариб муносабат билдиришни ўрганди.
“19 ёшимда иш бошлаган бўлсам, ҳозир 55 ёшдаман. Агар яна ўша 19 ёшимга қайтсам ҳам, барибир шу касбни танлаган бўлардим. Бу болалар менинг ҳаётим, борлиғим”, — дейди Наргиза опа.
Тўрт авлодни бирлаштирган муқаддас даргоҳ: Хонадондан репортаж
Мактабдаги дарс жараёнларидан сўнг репортажимизнинг иккинчи қисми устознинг хонадонида давом этди. Ажабланарлиси, Наргиза опа яшайдиган кўп қаватли уйнинг деярли барча қўшнилари ҳам ўқитувчилар. Бироқ энг катта мўъжиза бу хонадоннинг ичида яширинган эди. Бу оила — тўрт авлоддан бери ўқитувчилик шарафини елкасида кўтариб келаётган ҳақиқий педагоглар сулоласи!
Сулола боши Анора онанинг 56 йиллик фидойилиги бугун 81 ёшни қаршилаган Назирахон опа Шамсиевада давом этган. Назирахон опа 40 йил давомида мактабда бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишлаган ва ўз қизи Наргизанинг ҳам биринчи устозига айланган. Бугун эса Наргиза опанинг қизлари — сулоланинг тўртинчи авлоди ҳам шу қутлуғ касб этагини тутган.
(Расм жойи: Шамсиевлар оиласи — тўрт авлод вакиллари бир дастурхон атрофида)
Дастурхон атрофида самимий суҳбат бошланади. Оналик ва устозлик масъулиятини тенг олиб борган, вақтида турмуш ўртоғининг маънавий қўллаб-қувватлови билан фарзандларини эл қаторида вояга етказган аёлларнинг хотиралари ҳар қандай инсонни тўлқинлантиради.
Ошхонада палов дамланар экан, Наргиза опа аёл кишининг ҳаётида ишхона ва рўзғор масъулияти тенг эканини таъкидлайди:
“Ишда устозмиз, уйда эса онамиз. Иккала масъулият ҳам бир хил оғир. Ишхонада ота-оналар ишониб топширган фарзандлар учун масъул бўлсак, уйда ўз фарзандларимиз келажаги учун жавобгарсиз. Қизларим билан ҳар куни мактаб тажрибаларини, янги методикаларни муҳокама қиламиз. Биз бир-биримизга ҳам устоз, ҳам шогирдлармиз”.
Хонадондаги набира Робияхоннинг содда ва меҳрли гаплари эса бу оиладаги тарбия занжири узилмаганидан далолат беради:
“Бувижоним энг яхши бувижон. Улар ўз билимларини бошқа болаларга улашиб келмоқда, мен уларни жуда яхши кўраман!”
Хулоса ўрнида
Инсониятга билим бериш — энг олий неъмат. Лекин меҳрга, алоҳида эътиборга муҳтож мурғак қалбларга ҳаёт нурини улашиш — чинакам жасорат ва қаҳрамонликдир.
105-сонли махсус мактаб-интернатда ҳар куни ана шундай сукутдаги жасоратлар содир бўлади. Наргиза опа ва у каби юзлаб фидойи устозларнинг меҳнати эвазига жамиятдан узилиб қолиши мумкин бўлган болажонлар ҳаётга қайтмоқда, “Она” деган муқаддас сўзни ёзишни ва айтишни ўрганмоқда.
Меҳр бор жойда эса ҳар доим мўъжизалар юз беради.















