10 октябр куни Ар-Риёд шаҳридаги қирол Холид номидаги халқаро аэропортнинг 3-терминалига баллистик ракета билан берилган зарба оқибатида Ўзбекистоннинг икки нафар фуқароси енгил жароҳат олган. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот котиби Омонулла Файзуллаев маълум қилди.

1977 ва 1997 йилларда туғилган ушбу фуқаролар дастлабки тиббий ёрдам кўрсатилганидан кейин Diriyah Hospital шифохонасига олиб борилган. Тиббий кўрик ва зарур муолажалардан сўнг уларнинг ҳар иккисига шифохонадан жавоб берилган.

Дастлабки маълумотларга кўра, Ўзбекистоннинг ҳодиса вақтида аэропорт ҳудудида бўлган яна 20 нафарга яқин бошқа фуқаролари жабрланмаган.

«Ўзбекистоннинг Ар-Риёддаги элчихонаси Саудия Арабистонининг тегишли идоралари билан ҳамкорликда вазиятни кузатиб бормоқда, фуқароларимиз билан доимий алоқада бўлиб, зарур консуллик ёрдамини кўрсатмоқда», – дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 10 октябр куни Саудия Арабистони пойтахтидаги аэропортга ҳусийчилар томонидан ракета зарбаси берилиши оқибатида 12 киши ҳалок бўлиб, 300 дан ортиқ киши яраланган. Қурбонлардан тўрт нафари Саудия фуқаролари, шунингдек, АҚШ, Миср, Иордания, Сурия, Фаластин ва Судан фуқаролари ҳалок бўлган. Ўзбекистон ТИВ тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмасига қилинган ҳужумни қатъий қоралаб баёнот берди.