Apple Pay – бу дўконлар, иловалар ва сайтлардаги харидлар учун тўлов қилишнинг содда, хавфсиз ҳамда махфийлик таъминланган усулидир.

Дўконда тўлов қилишда iPhone ёки Apple Watch ён томонидаги тугмани икки марта босиш ва қурилмани контактсиз тўлов терминалига яқинлаштириш кифоя. Apple Pay билан ҳар бир харид ҳимояланган: тўловни тасдиқлаш учун Face ID, Touch ID ёки қурилманинг код-пароли, шунингдек, фақат бир марта қўлланадиган ноёб динамик хавфсизлик коди талаб қилинади. Apple Pay орқали контактсиз тўловларни қабул қилувчи озиқ-овқат дўконлари, дорихоналар, ресторанлар, кафелар, чакана савдо дўконлари ва бошқа кўплаб савдо нуқталарида тўловни амалга ошириш мумкин.

Mastercard карталари соҳиблари иловалар ва сайтлардаги харидлар ҳақини ҳам iPhone, iPad ва Mac ёрдамида тўлашлари мумкин – бу тез ва қулай бўлиб, ҳисоб ёзувларини яратишни ва ҳар гал контакт маълумотларини, ўз картаси реквизитларини, шунингдек, етказиш манзилини киритиш ҳамда ҳисоб тақдим этишни талаб қилмайди.

Mastercard компаниясининг Шарқий Европа дивизиони президенти Авшар Гурдал:

“Биз ҳам Ўзбекистонда, ҳам бутун Марказий Осиё минтақасида рақамли тўловлар жўшқин ўсишини кузатишда давом этяпмиз. Карталар соҳибларининг қулай рақамли тўлов сервисларига талаблари кучайиши баробарида Mastercard ҳамкор банклар билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, инновацион тўлов ечимларини жорий этмоқда ва карталар соҳибларига тўлов учун янада кенгроқ имкониятлар тақдим қилмоқда.

Apple Pay ишга туширилиши – бу Ўзбекистон рақамли тўлов экотизимининг ривожидаги муҳим босқич. Эндиликда Mastercard карталари соҳиблари ўзларига қулай Apple қурилмаси ёрдамида тезкор, қулай ва хавфсиз кундалик тўловларни амалга оширишлари мумкин”.

Apple Pay технологиялари асосида хавфсизлик ва махфийлик ётади. Apple Pay ёрдамида дебет ёки кредит карта билан тўлов қилишда унинг амалдаги рақами на фойдаланувчининг девайсида ва на Apple серверларида сақланиб қолади, шунингдек, Apple компанияси томонидан сотувчига ҳам жўнатилмайди. Бунинг ўрнига картага қурилма ҳисоб ёзуви ноёб рақами (Device Account Number) бириктирилади, у эса шифрланади ва Secure Element – қурилмада тўлов ахборотини хавфсиз сақлаш учун мўлжалланган махсус сертификацияланган чипда ишончли сақланади.

Apple Pay’ни созлаш осон. iPhone’да Wallet иловасини очиб “+”ни босиш ва дебет ёки кредит картасини қўшиш учун йўриқномаларга риоя қилиш етарли. iPhone, Apple Watch, iPad ёки Mac’га карта бириктирилган заҳоти карта соҳиби тегишли қурилмада Apple Pay’ни ишлата бошлаши мумкин.

Бунда карталар соҳиблари карта бўйича кўзда тутилган барча мукофотлар ва афзалликлардан фойдаланишда давом этади.