Жамият | 13:59 / 12.02.2026
4003
2 дақиқада ўқилади

Истанбулдаги қотиллик ишида янги ҳолат: яна бир ўзбекистонлик аёл бедарак йўқолган

Туркияда қотиллик қурбони бўлган Дурдона Ҳакимова иши юзасидан тергов давом этаётган бир пайтда гумонланувчилардан бири билан бирга яшаган 32 ёшли Сайёра Эргашалиева бедарак йўқолгани маълум қилинди.

Фото: Telegram / ozbek_kadin_haklari

Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўзбекистонлик Сайёра Эргашалиева бедарак йўқолди. Бу ҳақда мазкур мамлакатда фаолият юритувчи Ўзбек хотин-қизлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти хабар берди.

Жамиятнинг Kun.uz'га маълум қилишича, унинг йўқолиши аввалроқ Истанбулда қотиллик қурбони бўлган Дурдона Ҳакимова иши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Боиси Сайёра Эргашалиева мазкур қотилликда гумонланаётганлардан бири билан бирга яшаган.

Таъкидланишича, Эргашалиеванинг яқинлари Ўзбекистондан Истанбулга келиб уни топишда жамиятдан амалий ёрдам сўраган. Ташкилот Истанбулдаги Ўзбекистон Бош консулхонаси билан бирга ҳолатни ҳар томонлама ва холисона ўрганиш, шунингдек, бедарак йўқолган шахсни топиш учун тегишли чораларни кўрган.

“Адвокатларнинг профессионал ва шошилинч саъй-ҳаракатлари натижасида тергов ишлари жадаллаштирилиб, иккинчи жиноят эҳтимоли юзасидан ДНК таҳлиллари, шунингдек, ҳодиса жойини батафсил кўздан кечириш каби муҳим тергов ҳаракатлари амалга оширилди. Жамиятимиз ушбу иш юзасидан Туркия Республикаси тергов органлари билан доимий ва яқин ҳамкорликда фаолият олиб бормоқда.

Эргашалиева Сайёра Баҳромжон қизини аниқлаш ва топиш мақсадида жамият томонидан барча мавжуд имкониятлар сафарбар этилган. Шу муносабат билан Туркия жамоатчилиги ва ваколатли идоралардан ҳамкорлик ва амалий ёрдам сўралади. Агар мазкур ҳолат юзасидан бирор маълумот ёки муҳим маълумотга эга бўлсангиз, жамият билан боғланишингизни сўраймиз”, – дейилади хабарда.

Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ҳозирча ҳолат юзасидан расмий баёнот бергани йўқ.

Эслатиб ўтамиз, Истанбулдаги чиқинди контейнеридан жасади топилган Дурдона Ҳакимова ўлимида гумонланиб икки нафар ўзбекистонлик қўлга олинган. Бу қотиллик Туркия жамоатчилигида норозилик намойишларига сабаб бўлди.

Гулмира Тошниёзова
Муаллиф Гулмира Тошниёзова

Мавзуга оид