Ўзбекистон | 13:56 / 19.11.2024
7634
2 дақиқада ўқилади

Танзила Норбоева Сенат раиси лавозимига қайта сайланди

Шунингдек, Содиқ Сафоев Сенат раисининг биринчи ўринбосари, Аманбай Оринбаев Сенат раиси ўринбосари лавозимларини сақлаб қолди.

Фото: Сенат матбуот хизмати

Олий Мажлис Сенатининг янги чақириқдаги илк мажлисида Сенат раиси ва унинг ўринбосарларини сайлаш тўғрисидаги ташкилий масала кўриб чиқилди.

Конституциянинг 101-моддасига мувофиқ, президент Шавкат Мирзиёев Сенат раиси лавозимига сенатор Танзила Норбоева номзодини тақдим этди.

Танзила Норбоева давлат ва жамоат бошқарувида бой тажрибага эга экани, ўтган даврда шу лавозимдаги самарали фаолияти натижасида мамлакатимизда хотин-қизлар, болалар ҳуқуқларини таъминлаш ва уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вазият сезиларли яхшилангани таъкидланди.

Шунингдек, Сенат раисининг биринчи ўринбосари лавозимига сенатор Содиқ Сафоев, Сенат раисининг ўринбосари лавозимига сенатор Аманбай Оринбаев номзодлари тавсия этилди.

Кўрсатилган номзодлар сенаторлар томонидан сайланди. Шавкат Мирзиёев уларни табриклаб, келгуси фаолиятига ютуқ ва муваффақиятлар тилади.

Маълумот учун, Танзила Норбоева Ўзбекистон Сенатининг илк аёл раиси ҳисобланади. У 2019 йил 21 июнда бу лавозимни эгаллаган ва 2020 йил январ ойида қайта сайланган эди.

Содиқ Сафоев Сенат раисининг биринчи ўринбосари лавозимида 2016 йил декабрдан буён ишлаб келмоқда. Аманбай Оринбаев 2022 йил август ойида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси лавозимида ишлай бошлаган, ўша йил сентябрда Сенат аъзоси, бир неча кун ўтиб Сенат раисининг ўринбосари этиб сайланган.

Мавзуга оид