Иркутскда нима содир бўлди?
Россиянинг Иркутск вилоятидаги Шелехов шаҳрида яшаган, Иркутскдаги ўлатга қарши илмий-тадқиқот институти ходимаси, 28 ёшли Даря Шипилова 29 сентябрда оғир пневмония билан шифохонага ётқизилган ва 1–2 октябр оралиғида вафот этган. Унинг лабораторияда ўлат қўзғатувчиси билан ишлаш вақтида пробиркани синдириб олгани ҳақидаги версия ижтимоий тармоқларда тарқалди. Бироқ бу маълумот расман тасдиқланмаган.
Марҳума билан алоқада бўлган фуқароларнинг карантинга олингани ҳақидаги хабарлар ҳам Иркутскда ўлат тарқалаётгани тўғрисидаги хавотирларни кучайтирди. Бу хабарлар Ўзбекистонда ҳам муҳокамаларга сабаб бўлди.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раиси ўринбосари Ботир Қурбонов вазиятга изоҳ бериб, тегишли эҳтиёт чоралари кучайтирилганини маълум қилди.
“Ўлат касаллиги ўта хавфли юқумли касаллик бўлиб, турли йўллар билан юқиши мумкин. Ҳозир эътиборимиздаги ҳолат – ўпка шакли. Бу одамдан одамга юқиши мумкин. Яъни одам нафас чиқарганда ҳаво орқали касаллик юқиши мумкин”, – деди у.
Қурбоновнинг айтишича, Иркутскда вафот этган бемор даволанган стационар шифохона карантинга олинган, у ерда марҳума билан алоқада бўлган 200 нафарга яқин шахс кузатувда бўлган. Ўзбекистон санитария-эпидемиология хизмати ҳам вазиятга оид хабарларни кузатиб бормоқда.
“Ҳозир биз улар билан боғлиқ хабарларни кузатиб боряпмиз. Бирортасида иситма, пневмонияга ўхшаш йўтал ёки нафас йўллари билан боғлиқ турли шикоятлар бўйича мурожаатлар бўлмаган”, – деди Қурбонов.
Ўлат ташхиси тасдиқланмаган
Роспотребнадзор маълумотига кўра, марҳуманинг биологик намуналарида унинг касбий фаолияти билан боғлиқ микроорганизмлар аниқланмаган. Унга номаълум этиологияли пневмония ташхиси қўйилган.
Шу тариқа, ўлат юққани ёки лабораторияда авария содир бўлгани ҳақидаги версиялар расман тасдиқланмаган. Ҳодиса юзасидан Россиянинг тегишли идоралари текширув олиб бораётгани хабар қилинган.
















